34 ёш - дарвозабон учун ҳукм эмас. Шундай бўлсада, августь ойида Войцех Шесни ўз фаолиятини якунлагани ҳақида хабар берганди.
Кейинчалик фахрий посбон «Барселона»га бўлган ҳурмати юзасидан октябрь ойида бир йиллик муддатга фаолиятини тиклашга қарор қилганлигини тасдиқлади: «Ҳа, ҳозир «Барса»га ўтиш хусусида музокара олиб боряпман. Бу вариантни муҳокама қилмаслик клубга нисбатан ҳурматсизлик бўларди. «Барселона» - дунёдаги энг яхши клубдардан бири».
Каталония гранди оғир жароҳат туфайли Марк-Андре тер Штегеннинг хизматларидан жудо бўлди, лекин унинг ўрнига муносиб ўриндошни топа олди. Хўш, аввалига фаолиятига нуқта қўйиб, яна яшил майдонга қайтган футболчиларга қандай далиллар сабаб бўлган? Келинг, эслашга уриниб кўрамиз.
Ромарио
Беқарорлик, ўзгарувчанлик нима? Буни ўз фаолиятини 5 марта якунлаб, яна қайтган бразилиялик афсонадан сўранг. Ҳа, ҳа, ишонаверинг, 58 ёшли Ромарио сўнгги марта шу йил яшил майдонга қайтган футболчи! «Ўйлайманки, бугун аввалгига нисбатан яхшироқ натижаларга эришган бўлардим. Чунки ҳозирги ўйинчиларнинг зеҳни паст, жуда кўп югуришади. Менинг давримда ҳам жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилган, футбол доимо шундай бўлган, лекин футболчилар маҳоратли ва ақллироқ бўлишган. Ёшликка қайтишнинг иложи бўлганида, 2000тадан кўпроқ гол урардим», - қаҳрамонимизга тегишли цитата. Афсонавий ҳужумчи Кариока штатининг 2-лигасида тўп сурадиган «Америка» клуби президенти. Тез орада у ўзи билан бир йиллик шартномани имзолаб, 31 ёшли ўғли Ромариньо билан ёнма-ён тўп суриш имкониятига эга бўлди. Селекция мўъжизаси, ўзгача эмас. «Истаган пайтимда ўйнайман, истаган пайтимда кетаман. Агар бу мураббийга ёқмаса, ишдан бўшатаман. Агар футболчи тўпни менга узатмаса, жаримага тортаман», - Ромарионинг ҳазил аралаш хулосаси шундай.
Эдвин ван дер Сар
Нидерландиялик афсона 40 ёшгача тўп сурган. 2016 йилда 45га чиққанида эса, асосий дарвозабонсиз қолган «Нордвейк» ҳаваскорлар жамоасига ёрдам бериш мақсадида бир марта майдонга тушган. Футболдаги фаолиятини Эдвин айнан шу жамоада бошлаганди. «Тўла қонли қайтиш хусусида гап бўлиши мумкин эмас. Очиғини айтганда, менга шунчалик эътибор беришларини кутмагандим. Бу ҳақда маҳаллий журналистлар ёзишса керак, деб ўйласам, ҳатто Хитойдан ҳам келишди», - деганди посбон камтарлик билан. Камбэк уддаланди: ван дер Сарнинг пенальтини қайтариши эвазига «Нордвейк» «Йодан Бойз» билан жанговар (1:1) дурангга имзо чекди. Тўғри, ЕЧЛнинг финали эмас, лекин Эдвин ишончни оқлади.
Ривалдо
Бу афсонанинг тақдири ҳам Ромарионикига ўхшаш. Фақат фаолиятини тиклаш даври ўзгача - 42 ёшда. Ривалдо Греция, Ўзбекистон ва Анголада тўп суриб, сермаҳсул ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган. Сўнгги нуқтани эса Бразилиянинг 3-лигаси вакили бўлмиш «Можи-Мирим»да қўйди ва клуб президенти лавозимини эгаллади. Бир йиллик танаффусдан кейин у яна яшил майдонга қайтиб, янада яхшироқ ўйин кўрсатди.
Роберто Карлос
2012 йилда «замбарак» лақабли бразилиялик мураббий бўлиш мақсадида футболчиликни тўхтатганди. Дарҳақиқат, Роберто қисқа вақт ичида малакали мураббийга айланиб, «Сивасспор»ни бошқарди ва Туркияда йил мураббийи унвонига сазовор бўлди. 2015 йилда уни пул ишлаб олиш учун Ҳиндистонга таклиф этишди. Энди Роберто «Дели Динамос»ни бошқариш билан чекланиб қолмай, шогирдлари сафида тўп суришни ҳам бошлаб юборди. Бироқ битта клубда иккита вазифани адо этиш атиги 3та ўйинга етди. Шундан кейин Роберто футболчиликни ҳам, мураббийликни ҳам тўхтатди.
Робер Пирес
Ҳиндистон чемпионатининг навбатдаги вакили. Жаҳон ва Европа чемпиони 2011 йилда «Астон Вилла» сафида рисоладагидек тўп сура олмай, футболчилик фаолиятини омадсиз якунлагандек бўлганди. Бироқ 3 йилдан кейин у Гоада пайдо бўлиб, номдош жамоа таркибидан жой олди. Буни қарангки, 40 ёшли фахрий 8та ўйинда майдонга тушиб, битта гол уришга муваффақ бўлди ва маҳаллий лиганинг кумуш медалини қўлга киритди. Франциялик афсона банкетни давом эттириш ниятида бўлсада, яна майдонга тушиш унга насиб этмади.
Фредрик Юнгберг
«Арсенал»нинг швециялик афсонаси Японияда «Симидзу С-Палс» жамоаси сафида ярим мавсум тўп сургач, фаолияни ниҳоясига етказганди. 2014 йилда у ҳам Ҳиндистон сари йўл олди у ердагиларни футболчининг ёши ҳам, ўйин амалиётининг йўқлиги ҳам ташвишлантирмади. Хуллас, Фредди ўша даврда Николя Анелька бошқарувида бўлган «Мумбай Сити» сафидан жой олди. Бироқ юлдузлар жамоага ёрдам бера олмадилар: якуний 8-ўрин мутасаддиларни қониқтирмади ва улар юлдузлар билан хайрлашдилар. Дарвоқе, Анелька ҳақида...
Николя Анелька
2010 йилларда Ҳиндистон чемпионати кўплаб номдор футболчилар эътиборини тортганди. Роберто Карлос ва Фредди Юнгбергдан ташқари, Марко Матерацци, Алессандро Дель Пьеро, Флоран Малуда, Йон Арне Риисе, Лусио ва бошқалар шулар жумласидан. 2014 йилда Анелка «Вест Бромвич»ни тарк этиб, «Мумбай Сити»га ўйновчи мураббий мақомида ўтганди. Унинг мураббий ролидаги омадсизлиги зикр этилди. Яшил майдонга у 13 марта майдонга тушиб, жамоасига 2та гол ҳадя этди. Бироқ бу голлар ёрдам бермади.
Фернандо Морьентес
2010 йилда фаолиятини якунлаган футболчи Қатар ва БААдан келган манфаатли таклифлардан воз кечиб, «Реал» ёшлар жамоасида мураббийлик қила бошлади. Унинг ўғли бўлмиш бошқа Фернандо Морьентес ўша даврда мадридликларни «Санта Ана» фарм клубида тўп сурарди. Клуб спорт директори Хорхе Антело ЕЧЛнинг 3 карра ғолибига ўғли билан ёнма-ён тўп суришни тавсия этди. шу тариқа 39 ёшли ҳужумчи ўсмирлар жамоасида, лекин фақат уй учрашувларида майдонга туша бошлади. Бироқ ярим йилдан кейин катта Фернандо яшил майдонни бутунлай тарк этди.
Руслан Нигматуллин
Созанда, бизнесмен ва футболчи - 2006 йилда ҳозир зикр этилган касбларнинг охиргиси Руслан учун керак бўлмай қолди - у «Терек»ни тарк этиб, энди футбол ўйнамаслигини эълон қилди. 31 ёшли дарвозабон!? 2 йилдан кейин Нигматуллин Ростовнинг СКА клубига қайтди, ундан «Локомотив 2»га ўтди. Бироқ бу жамоада ҳам омади келмади. Энг нохуш омадсизлик Исроилнинг «Маккаби Аха» клубида юз берди: 9та учрашувда 19 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан дарвозабон 2009 йилнинг кузида футболни тарк этди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади