Хабарингиз бор, Ўзбекистон Суперлигасининг кечиктирилган 14-туридан ўрин олган «Динамо» – «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашувда наманганликлар баҳснинг 7-дақиқасида 23 ёшли маҳоратли ҳимоячи Саидазамат Мирсаидовнинг киритган голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бу Мирсаидовнинг «Навбаҳор» таркибидаги илк голи эди.
«Лочинлар» 15 октябрдан Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган, 20 октябрь куни Фарғонада «Нефтчи»га қарши кечадиган «водий дербиси»га тайёргарликни бошлашди.
Жамоанинг кечаги машғулоти якунига етгач, Саидазамат Мирсаидов клуб матбуот хизматига қисқа интервью берди.
– Саидазамат, бўлажак «водий дербиси»га тайёргарлик қандай кечяпти ва ушбу ўйиндан нима кутяпсиз?
– Ассалому алайкум! Дербига жиддий тарзда тайёргарлик кўряпмиз.”Водий дербиси” ўйинлари доимо қизиқарли тарзда кечган ҳамда бу сафарги беллашув ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта. Бу мен учун Суперлига доирасидаги фаолиятимдаги илк «водий дербиси» бўлади.
Фарғонада ғалаба иштиёқида майдонга тушиб, мухлисларга қувонч улашишга интиламиз.
– Суперлиганинг кечиктирилган 14-туридан ўрин олган баҳсда жамоа сизнинг ягона голингиз эвазига Самарқанддан муҳим ғалаба билан қайтди. Ўша ўйин ва голингиз борасида тўхталсангиз...
– «Динамо» жамоамизга қарши кечадиган ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўрган экан. Мезбонлар бизга муносиб қаршилик кўрсатган ҳолда, қийинчилик туғдиришди. Шундай бўлсада, астойдил ҳаракат қилиб, зафар қучишга муваффақ бўлдик.
Ўша ўйинда гол уриб, «Навбаҳор»нинг ютуғига муносиб ҳиссамни қўшганимдан хурсандман. Тўп киритилган вазиятга тўхталадиган бўлсам, коптокнинг менга етиб келишини сезгандим. Аввало ҳаммаси Аллоҳдан. Худога шукр, «Навбаҳор» таркибидаги дастлабки голимни уриб, жамоамизнинг ғалабасига ўз ҳиссамни қўшдим. Бундан хурсандман ва кейинги учрашувларда ҳам гол уришга ҳаракат қиламан.
– Мухлисларга қандай тилакларингиз бор...
– «Навбаҳор» кўп мухлисларга эга жамоа. Ишқибозлар ҳаттоки, Самарқандга ҳам бориб, бизни қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишди.
20 октябрь куни Фарғонада ўтказиладиган «водий дербиси»да ҳам мухлислардан шундай қўллаб-қувватлашни кутамиз ҳамда ғалаба қозониб, уларга қувонч улашишга интиламиз.
Маълумот
Саидазамат Мирсаидов – 2001 йил, 19 июлда Тошкент шаҳрида туғилган.
Футбол билан 6 ёшидан шуғулланган.
Биринчи мураббийи: Темур Олимхўжаев.
«Пахтакор» футбол академияси тарбияланувчиси.
Амплуаси: ҳимоячи.
Ўйнаган жамоаси: «Олимпик» (Тошкент, 2021 йил – 2024 йилнинг 1-давраси). 2024 йилнинг 2-даврасидан «Навбаҳор»да.
Ўзбекистон – U-23 олимпия терма жамоаси аъзоси.
Олимпия терма жамоамиз таркибида икки марта Осиё вице-чемпиони (2022 йил, 2024 йил), Осиё Ўйинлари бронза медали соҳиби (2023 йил), Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинлари иштирокчиси.
«Навбаҳор» ПФК матбуот хизмати.