"Пахтакор" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этган Мурод Исмоилов ғалабадан хурсандлигини яширмади.
— Бугун ўта муҳим ғалабага эришдик ва кучли жамоани енгишга муваффақ бўлдик. Бу сафар ҳам йигитлар ўша эски касалимиз — ўйин бошида тахминан 20-25 дақиқача бироз довдирашди, тезкор гол ўтказиб юборшимизга сал қолди. Козак стандарт вазиятни голга айлантирганидан кейин эса улар ўзларига келишди ва ишонч билан тўп суришди. Иккинчи бўлимда "Насаф" ташаббусга эга бўлиб, яхши ўйин кўрсатганини таъкидлаш лозим. Улар бизга нисбатан жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда экани маълум бўлди. Ғалаба билан мухлисларимизни табриклайман.
— Бугун ҳисобда олдинда бораётган бўлсангиз ҳам иккинчи бўлимда яна бир ҳужумчини тушириб, рақиб дарвозаси томон босимни оширишни мақсад қилганмидингиз?
— Муваффақиятсиз натижалардан кейин бугун ғалаба қозонишимиз шарт эди, натижа биз учун муҳим эди. Аммо биз ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар ҳимояга ётиб олишни ҳеч қачон мақсад қилмаймиз, ҳар доим ўз ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бугун эса "Насаф" бизни ҳимояланишга мажбур қилди. Албатта, дарвозабонимиз Александр Лобановнинг жуда зўр ўйнаганини таъкидлаш лозим.
— Ўйин сўнгида шогирдларингизда ётиб олишлар кўзга ташланди. Бу ҳисобни ушлаб қолиш учун уринишлармиди?
— Бугунги ўйинда футболчиларда толиқиш кўзга кўринди. Аввалги ўйинларда эса ётиб олиш, вақт чўзиш ҳолатлари бўлмаганди, аксинча иккинчи бўлимда биз кўпроқ ҳужум уюштиргандик, кўпроқ голли вазият яратгандик. Иккинчи бўлимда йигитлар шу нарса кўзга ташландики, улар аввалги ўйин чарчоғидан тўла тикланиб улгуришмаган экан. Уларни ўйинга жисмоний жиҳатдан тайёр эмас, дея олмайман. Яқиндагина барча футболчиларни тиббий кўрикдан ўтказдик. Уларда жисмоний ҳолат жойида экани ва толиқиш йўқлиги аниқланди.
— Ҳакамлар ҳаракатларига қандай баҳо берасиз?
— Агар "Насаф"нинг ҳисобга олинмаган икки голини назарда тутаётган бўлсангиз, манимча, ўша вазиятларда ҳакамлар тўғри қарор чиқаришди деб ўйлайман. Умуман олганда, эса ҳакамларнинг ҳаракатларини назорат қиладиган масъул шахслар бор.
— Сўнгги пайтларда "Пахтакор"нинг голларини ҳужумчилар эмас, бошқа чизиқ вакиллари киритишмоқда. Гол урмаган фақат дарвозабон қолди холос. Аммо ҳужумчилар гол киритмай қўйишди...
— Ҳа, бу фикрингизга қўшиламан. Жамоага яхши савиядаги ҳужумчи етишмаяпти. Бу ҳолат бизни ташвишлантиряпти, албатта.
— Жора Оганесян бугун ўйин қайдномасига ҳам киритилмади. Бунинг сабаби нимада?
— "Сўғдиёна"га қарши ўйинда Оганесян жароҳат олди. Яна 10 кундан кейин машғулотларни бошласа керак.
— "Пахтакор"нинг етакчи футболчилари Хитой клубларига ижарага бериб юборилган. Сиз мураббий сифатида ўзингизга керакли футболчини жамоажа олиб қолишга ҳаракат қиласизми?
— Биз бир жамоамиз ва жамоанинг манфаати биринчи ўринда туради. Ҳа, мен мураббий сифатида натижа жавобгарман. Аммо фақат ўз манфаатимни ўйлаб, раҳбариятнинг қарорига қарши чиқадиган бўлсам — тўғри бўлмаса керак. Футболчиларни хориж клубларига ижарага бериш орқали клуб ходимлари, ишчилари, ўйинчиларни қўшимча малағ билан таъминлаймиз. Фақатгина ҳомийларнинг қўлига қараб қолмасдан, ўзимиз ҳам ҳаракат қилишимиз лозим. Бу замон талаби. Футболчиларимизга хорижда талаблар бор экан, уларни ижарага беришга мажбурмиз.
Агар кучли ҳомийларимизз бўлганида, моддий ҳолатимиз яхши бўлганида уларни ҳеч ким бошқа жамоаларга бериб юбормаган бўларди. Ишончим комил, ҳали моддий томондан барқарорлик эришамиз. Ўшанда ўзимизнинг яхши савиядаги футболчиларни ҳеч кимга бериб юбормай, четдан ҳам яхши ўйинчиларни таклиф қиламиз. "Пахтакор" Ўзбекистоннинг шонли жамоаси, клубнинг аҳволи бундай ҳолатда қолиб кетиши керак эмас.
— Ўтган йили "Пахтакор"нинг чемпион бўлишига муҳим ҳисса қўшган жамоа сардори Илҳом Суюнов ва жамоа тўпурари Темурхўжа Абдухолиқовга ушбу мавсумда камроқ имконият берилаётгандек. Бунинг сабаби нимада?
— Аввало ҳар бир футболчининг машғулотдаги ҳаракати жамоанинг ўйинига таъсир қилади. Ўйинга таркибни танлашда футболчиларнинг машғулотлардаги ҳаракатларига қаралади. Агар Илҳом ўтган йилдагидек катта ёрдам бера олганида, машғулотларда иштиёқ билан ишлаганида, биз уни албатта асосий таркибда ўйинга туширган бўлардик. Аммо негадир Суюнов ишлашда тўхтаб қолди. Унинг ихтиёри ўзида, агар яхши меҳнат қилса, асосий таркиб футболчисига айланади. Биз эса уни мажбур қила олмаймиз.
Абдухолиқовга эса кўп имконият берилди. Аммо бир нечта ўйиндан бери у гол ура олмаяпти. Унга имконият бериш мақсадида кеча ёшлар жамоасида ўйнатдик ва у 2та гол урди. Ўтган йили ҳам шундай бўлганди. Ўринбосарлар жамоасида ўйнатганимизда у гол урганди ва кейин асосий жамоада ҳам кетма-кет голлар ура бошлаганди. Бугун ҳам уни захирадан тушираётганда ўтган йилги гапни эслатдим ва у "албатта гол ураман", дея майдонга тушди. Афсус, гол ура олмади. Умид қиламан, у келаси ўйинларда голлар ура бошлайди.