Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Мерганлар учун муайян «ўлжа»

Баҳо:
+ | -

«Ливерпуль» етакчиси Муҳаммад Салоҳ - «МЮ» бўйича катта мутахассис.

«Реал»да янги даражага кўтарилган Винисиус Жуниор эса «Барселона»га енгил «ўлжа» сифатида қарайди. Умуман, замонамизнинг барча энг сара тўпурарларида ўзига хос ёқимтой рақиблари бор. Soccer.ru сайтининг қуйидаги мақоласи шу ҳақда.

Муҳаммад САЛОҲ - «МЮ»га қарши 16та ўйинда 15та гол ва 6та ассист. 32 ёшни уриб қўйган мисрлик голеадор «Ливерпул»нинг ашаддий рақибига қарши баҳс­ларда ҳайратомуз статис­тика қайд этган. «Қизиллар» ва «қизил иблислар»  ўртасида чинакам тарихий рақобат мавжуд. Салоҳга келсак, у охирги ўзаро ўйинда аввалига Луис Фернандо Диасни 2 марта самарали узатма билан таъминлади, кейин ўзи ҳам ёқимтой рақиби дарвозасини нишонга олди. У ҳатто фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга Майкл Эдвардс устидан шикоят қилишга ҳам улгурди. Гап шундаки, «Ливерпуль» бош директори мисрлик вингерга янги шартнома таклиф этишга ошиқмаяпти. Агар вазият ўзгармай қолса, Арне Слот «МЮ» устидан қозонилган ёрқин ғалабалар ижодкори саналган етакчи футболчидан айрилади.

Килиан МБАППЕ - «Монпелье»га қарши 15та ўйинда 15та гол ва 9та ассист. Франциялик ҳужумчи ҳали худди Лионель Месси каби Ла Лигада ҳам ўзига суюкли «ўлжа» топади, албатта. Аргентиналик юлдуз Испанияда «Севилья» дарвозасини забт этишни хуш кўрарди. Ҳар ҳолда, у Андалусия клубига қарши 43та ўйинда иштирок этиб, «Барселона»нинг 58та голида иштирок этган ўз зарбалари ёки узатмалари билан. Мбаппега қайтсак, у ҳозирча Испанияда «Бетис»ни «дубль» билан «сийлади». Францияда эса Килиан бечора «Монпелье»ни жами 15та гол ва 9та ассист воситасида енгилгина «таҳқирлаган».

Эрлинг ХОЛАНД - «РБ Лейп­-циг»га қарши 8та ўйин­да 12та гол. Норвегиялик иқтидор анча ёш эканлигини инобатга олсак, унинг ҳали муайян бир рақибга қарши 10-15та ўйинда иштирок этмагани ўз-ўзидан тушунарли. Оддий айтганда, Эрлинг ҳозирча ўзига суюкли «ўлжа» топишга улгургани йўқ. Лекин бу мақомга номзодлар етарли. «Манчестер Сити» ҳужумчиси жумладан, Германия­да «РБ Лейпциг»га қарши ўйин­ларни ёқтирарди. Мана, ЧЛда ҳам шу ёқимтой рақибини топиб олди. АПЛда эса ҳозирча «Вулверхэмптон»ни ранжитишга мойилроқдек кўринмоқда. Рақамларда айтсак, норвегиялик «йиртқич» атиги 4та ўйинда «бўрилар» дарвозаси тўрини нақ 8 марта силкитди. Тўғри, ассистларни ҳам ҳисобласак, «МЮ»га қарши ўйинларда кўпроқ эффект келтирди - 6та гол ва 3та самарали узатма (7та учрашувда). Лекин «Вулвз» яқин келажакда Холанд «ўлжа»лари орасида «РБ Лейпциг»ни 1-ўриндан суриб юборса, ажабмас.

Гарри КЕЙН - «Лестер»га қарши 20та ўйинда 20та гол ва 5та ассист. Бундеслигадаги илк мавсумида «Бавария» учун 36та гол уриш эвазига «Олтин бутса» совринига эга чиққан англиялик тўпурар яқинда янги мақомга эришди. Яъни Германия элит дивизионида ўзига дуч келган 17та жамоанинг ҳар бирига гол «тортиқ» этишга улгурди. Ҳа, шафқатсиз «гол машинаси». Кейн бунга қадар ўз юртида суюкли «ўлжа» ролига «Лестер»ни танлаганди. Қизиғи, Гарри вақтида айнан «тулкилар» сафида ижара муддатини ўтаган. Агар Кейн «Ливерпуль» ёки «Манчестер Сити»да ўйнаганида, номдорроқ рақибни «калака» остига оларди балки. Мана, «Тоттенхэм» тўпурари Германияга йўл олди ва АПЛга қайтган «Лестер» асосий «жаллод»дан қутулди. Ўз ўрнида Кейннинг «Шимолий Лондон дербиси»да азалий рақиб - «Арсенал»га қарши 21та ўйинда 15та гол ва 2та ассист расмийлаштирганини ҳам қўшимча қилиш жоиз. 

Антуан ГРИЗМАНН - «Атлетик»ка қарши 34та ўйинда 14та гол ва 6та ассист. «Атлетико» афсонаси Бильбао шарафини ҳимоя қилувчи номдош жамоани алоҳида қадрлайди. Тўғри, франциялик голеадор Испанияда «Сельта», «Хетафе» ва «Валенсия» каби рақибларни ҳам хуш кўради, «Реал»дан эса чўчимайди. Бироқ бу жамоаларга қарши ўйинларга боғлиқ маҳсулдорлиги нисбатан пастроқ. Гризманн фақат бир нарсадан ўксиниши мумкин - Испанияда «Атлетико»дан таш­қари, «Реал Сосьедад» ва «Барселона»да ҳам тўп сурган бўлсада, унга Ла Лигада чемпионлик тантанаси насиб этганича йўқ.

Роберт ЛЕВАНДОВСКИ - «Боруссия» (Дортмунд)га қарши 26та ўйинда 27та гол ва 3та ассист. Айтишларича, польшалик тўпурар анча кекчи экан. Шуни инобатга олсак, унинг Германияда айнан собиқ клубига қарши баҳсларда бор куч-маҳоратини ишга солганида ажабланадиган томони йўқ. Дарҳақиқат, «Бавария»га эркин агент мақомида йўл олган Левагол вақтида Дортмунд дружинаси додини берган роса. Роберт шунингдек, «Вольф­сбург»ни ранжитишни ҳам ўрнига қўйган - 26та ўйинда 26та гол ва 9та ассист. Ҳа, «Гол+пас» балларини ҳисобга олсак, польшаликдан «бўрилар» кўпроқ зарар кўришган. Бироқ Дортмунд «Боруссия»си Робертнинг голлари туфайли шоҳсупага кўтарилиш имкониятини йўқотганини назарда тутсак, хулоса ўзгаради. 

Лаутаро МАРТИНЕС - «Салернитана»га қарши 6та ўйин­да 10та гол. Аргентиналик футболчининг майдондаги функцияси Холанд ва Кейнникидан кескин фарқланади. Ҳар­қалай, Лаутаро «Интер»да кўпроқ орқароқда тўп суради. Лекин ўзига яраша худбин футболчи «А» серияда суюкли «ўлжа»ни осонгина топиб олди. Дейлик, «Салернитана»га қарши атиги 6 марта майдонга тушган Мартинес ўз ҳисобига «хет-трик» ва «покер» ёздириб қўйишга улгурди. «А» серия грандларига қарасак, Лаутаро «Милан» билан беллашишни хуш кўради - дерби мақомидаги 16та баҳсда 8та гол ва 3та ассист.

Винисиус ЖУНИОР - «Барселона»га қарши 17та ўйинда 7та гол ва 4та ассист. «Реал»нинг қанот ҳужумчиси ҳозир Карим Бензема ролида эканлигини тушуниб олиши лозим. Мбаппе ва Жуниорга бир вақтнинг ўзида Роналдудек худбин бўлиш ярашмайди. Кимдир шеригига ён бериши керак. Мана, Жуниор яқинда пенальти тепиш ҳуқуқини Мбаппега берди. «Олтин тўп» учун курашда фаворит бўлиб турган футболчи «Барса»ни «7+4» кўринишида жазолашдан ташқари, «Валенсия»га қарши баҳс­ларда 8та гол ва 1та ассист қайд этган.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:55, 23.10.2024.
Ўқилди: 1313 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.