Бир ҳафтадан бери матбуотда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси ҳақидаги хабарлар тиним билмаяпти. Чоршанба куни Юрий Вазгенович Саркисян истеъфога чиққач, унинг ўрнини ким эгаллаши борасида тахминлар янграмоқда. Бу саволнинг жавобини яқин кунлар ичида топсак ажаб эмас. Бугунги мақоламизда “Нефтчи”ни бошқариши мумкин бўлган мураббийлар ҳақида фикр юритамиз. Албатта бунда тилга олинган мутахассислар бизнинг тахминимиз холос. Аслида қандай бўлишини эса олий ҳакам вақт кўрсатади.
Мурод Исмоилов
Ҳали Саркисян расман истеъфога чиқмаган пайтлардаёқ “Нефтчи”га Мурод Исмоиловнинг келиши борасидаги миш-мишлар тарқалганди. Мухлислар ҳам ушбу мураббийнинг “Нефтчи”га келишига қарши эмас. Фақат бу ерда бошқа масала бор. “Пахтакор” вакиллари бу мутахассисни қўйиб юборишармикан? Интервьюларнинг бирида Исмоилов фарғоналиклар унга таклиф билан чиқишмаганини таъкидлаб ўтди.
Баҳром Ҳакимов
Анча йилдан бери мухлислар Баҳром Ҳакимовнинг “Нефтчи”га келишини хоҳлашади. Шунинг учун Саркисян истеъфога чиқиши билан кўпчилик Ҳакимовни ёдга олди. Ушбу мутахассис ҳозирда ишсиз юрган бўлса-да, бир пайтлар “Насаф”да кучли жамоа барпо эта олганди. Қўқонлик мураббий журналистлар билан бўлган мулоқот чоғида “Нефтчи”дан таклиф тушмаганини, агар чорлов бўлса, ўйлаб ўтирмай рози бўлишини айтиб ўтган.
Тоҳир Кападзе
Фарғоналик мутахассислар орасида анча обрўга эга бўлган Тоҳир Кападзени “Нефтчи”ни бошқаришга асосий номзод деб атасак бўларди. Аммо яқинда Тоҳир ака катта мақсадлар билан “Қўқон-1912”да иш бошлади. Жамоанинг олдига олий лигага чиқиш вазифаси қўйилган. Бир сўз билан айтганда, Тоҳир Кападзенинг олдида жиддий вазифа турибди.
Вадим Абрамов
Фарғонада анчадан бери Вадим Абрамов ҳақида гапира бошлашди. Кўпчилик айнан Вадим Карленович “Нефтчи”нинг собиқ бош мураббийи Юрий Саркисяннинг ўрнини босишга муносиб деб ҳисоблаяпти. Абрамовда миллий, олимпия терма жамоалари ва ана клубда ишлаш борасида ҳам тажриба етарли. Бундан ташқари, "Нефтчи"да маъмур вазифасида фаолият олиб борган Абрамов учун Фарғона бегона шаҳар эмас. Лекин масаланинг бошқа томони бор. Клуб раҳбарлари ва мухлислар уни қандай қабул қилишар экан?
Сергей Ни
Фаолиятининг энг ёрқин дамларини айнан Фарғонада ўтказган Сергей Ни жамоа бошқарувини қўлга олиши мумкин. Негаки, бу футболчи жамоанинг етакчиси бўлган. Фарғонада унга бўлган ҳурмат баланд. Мухлислар ҳам Нини ёқтиришади. Бугунги жаҳон футболида айнан Сергейга ўхшаган ёш мураббийлар собиқ жамоалари билан катта ютуқларга эришмоқда. Бунга Антонио Конте, Хосеп Гвардиола мисол бўла олади. Аммо клуб раҳбарлари ҳозирги ҳолатда таваккалчиликка қўл ура олишармикан? Негаки, мухлислар жамоадан яхши натижа кутишаётгани ҳеч кимга сир эмас. “Нефтчи”га Саркисяндан кўра, кучлироқ мураббий керак.
Рауф Инилеев
Ўзбекистоннинг энг тажрибали мураббийларидан бири бугунги кунда ишсиз юргани барчани ажаблантираётгани бор гап. Бу ҳолатдан “Нефтчи” раҳбарияти унумли фойдаланиб қолиши мумкин. Лекин Инилеевнинг ўзи Фарғонага келишга рози бўлармикан? Бундан ташқари, фарғоналик мухлислар ёш мураббий келишини исташаётгани ҳам ойдек равшан.
Сергей Ковшов
Сўнгги пайтларда, ушбу мутахассисни “Нефтчи”га келиши борасида фикрлар пайдо бўлди. Албатта Ковшов варианти фарғоналик ишқибозлар учун кутилмаган бўлиши аниқ. Аммо ҳозирги ҳолатда ҳар нарсага тайёр туриш лозим.
Шуҳрат Мақсудов
Бир неча йил “Нефтчи” мураббийлари штабида фаолият олиб борган Мақсудов ҳам номзодлар орасида тилга олинмоқда. Бироқ, у айни дамда терма жамоамизда катта мураббий лавозимида ишлаб келмоқда. Унинг фикру-хаёли фақат ЖЧ-2014 саралаш босқичи билан банд бўлса ажаб эмас. Шундай бўлса-да, мухлислар Мақсудовнинг яна Фарғонага қайтишидан умидвор.
Бошқалар
Юқорида айтганимиздек бугунги мақоламизда фақат ўзимнинг тахминларимни билдириб ўтдим, холос. “Нефтчи” биз тилга олиб ўтмаган мураббий ҳам бошқариши мумкин. Аслида воқеалар ривожи қандай бўлишини эса олий ҳакам вақт кўрсатади.
Аброр Деҳқонов