2004 йилнинг 8 августида Лондонда ёруғ дунё юзини кўрган Жейми ўзининг футболдаги фаолиятини 5 ёшли чоғида маҳаллий «Кавершем Трентс» клубида бошлади ва 7 ёшгача ўша ерда шуғулланди.
2013 йилда болакайни «Рединг» тизимига олиб боришди. U-9 жамоасида ўйнаб юрган чоғида, Жеймига «Челси» қизиқиш билдирган бўлсада, у Беркшир графлиги клубидаги фаолиятини давом эттирди. 2018 йилда ёш иқтидорга «Арсенал» ва «Манчестер Сити»дан таклифлар бўлди ва у Манчестерга йўл олди.
«Аввалига ишонгим келмади. Ахир мен овлоқ бир ҳудуддаги болакай эдим. Мени номдор жамоаларга таклиф этишгани очиғи, ҳайрон қолдирди. Кейин машаққатли меҳнатларим самара беряпти, деб ўйладим ва ўзимни енгил ҳис эта бошладим. «Арсенал»га ўтишим ҳам мумкин эди. Бироқ мен «Сити»ни танладим. Чунки бу жамоа Браим Диас ва Жейдон Санчо каби машҳур ўйинчиларни вояга етказганди», - деганди Гиттенс ўз интервьюларидан бирида.
Манчестердаги фаолияти
«Шаҳарликлар» тизимида навқирон ҳужумчи ўзидан каттароқ ёшдаги тарбияланувчилар гуруҳларида нималарга қодир эканлигини аъло даражада намойиш этди. 2019 йилнинг 14 сентябрида Жейми U-18 жамоасида гол уриш билан дебютини нишонлади. Жамоа эса 5:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Лиам (Делап) тўпни эгаллаган пайтда олдинга ўтишим кераклигини ҳис этдим. У мени кўрдию, тўпни мен томонга йўллади. Натижада дарвозабон билан яккама,якка вазият юзага келди. Аввалига олисдан зарба йўлламоқчи бўлдим. Лекин ҳаяжонда бўлганлигим сабабли, дарвозабонни алдаб ўтдим ва тўпни бўш қолган дарвозага йўлладим», - деганди Жейми ўша ўйин ҳақида.
«Рақобат ўта кучли. Агар сиз талаб даражасида ўйнамасангиз, захира ўриндиғига михланасиз, жамоа янги ўйинчиларни харид қилади. Сиз доимо юксак савияда бўлишингиз шарт. «Ман Сити» таркибида тўп суриш - улкан бахт!» - бу эса Гиттенснинг ўз жамоасига берган баҳоси.
Таъкидлаш жоизки, Жейдон Санчо Гиттенс учун намуна бўла оладиган футболчи. Уларнинг «Сити»даги фаолиятида ўхшаш жиҳатлар жуда кўп. «Жейдон Санчо U-18 жамоаси таркибида ҳар бир ўйинда гол урарди. Мен айнан у каби сермаҳсул тўпурар бўлишни истайман», - деганди Жейми Манчестердаги даврида.
Германиядаги фаолияти
2020 йил сентябрида қаҳрамонимиз «Боруссия Дортмунд» академиясига ўтиб, 19 ёшлилар жамоаси таркибида тўп сурган ва УЕФА Ўсмирлар лигаси мусобақасида урган 6та голи эвазига жамоани чорак финалга олиб чиқди. 2022 йилнинг 8 апрелида Гиттенс асосий жамоанинг «Штутгарт»га қарши беллашувига таклиф олди. Лекин майдонга тушмади. Фақат бир ҳафтадан кейинги «Вольфсбург»га қарши учрашувда «тукли арилар» сафидаги дебютини нишонлашга муваффақ бўлди.
Ниҳоят, 30 апрель санасида Марко Розе («Боруссия»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи) Гиттенсни «Бохум»га қарши баҳсда бошланғич таркибда майдонга туширди. «У айнан биз учун етишмаётган, яъни, қанот бўйлаб юқори тезликда дарвозабон билан бирга,бир вазиятга чиқа оладиган ўйинчи бўлиб чиқди. Тўғри, Жейми Бундеслиганинг юксак темпига мослашиб олиши лозим. У 60 дақиқадан кейин толиқиб қолди», - деганди мураббий учрашув охирида.
Кейинги мавсумда Жеймига кўпроқ ўйин амалиети бера бошладилар. Ҳужумчи ўзининг дастлабки голини 2-турда «Фрайбург» дарвозасига урди. Умуман, Гиттенс турли мусобақаларда 19 марта майдонга тушиб, 3та гол ва 1та самарали узатмани ўз ҳисобига расмийлаштирди. 5-турдаги «Хоффенхайм»га қарши учрашувда елкасидан жароҳат олиб, 22та ўйинни ўтказиб юборди.
«Жейми - жароҳатларга дуч келган юксак иқтидор соҳиби. Шу сабабли, биз уни 19 ёшлилар жамоасига жалб эта бошладик», - деганди «қовоқарилар»нинг собиқ бош мураббийи Марко Розе 2022 йилда.
2023/24 йиллар мавсуми
Ўтган мавсум англиялик ҳужумчи анчайин самарали ўтди. Бундеслига доирасида у 25та учрашувда (14тасини бошланғич таркибда) майдонга тушди. «Гиттенс ўйин тизгинини тубдан ўзгартириб юборадиган, ёндира оладиган футболчи», - дейди «Дортмунд»нинг собиқ бош мураббийи Эдин Терзич.
2023 йилнинг 28 ноябрида Жейми ўзининг ЕЧЛдаги дастлабки голини расмийлаштирди, кейин ассистни амалга оширди ва «Сан-Сиро»да «Милан» устидан эришилган ғалабага салмоқли ҳисса қўшди. Шу тариқа плей-офф босқичига йўл олган «Дортмунд» эса фақат финалда «Реал»ни енга олмади. Ўша мавсумда Гиттенс 34та учрашувда иштирок этди, 2та гол ва 8та самарали узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
Жорий мавсум
Янги мавсум ҳам Жейми учун муваффақиятли бошланди. Бундеслига стартидаги беллашувда у «Айнтрахт» дарвозасини 2 марта ишғол этди, кейин ЕЧЛ доирасидаги дастлабки ўйинда «Брюгге»га дубль «ҳадя» этди.
«Устунликка эришмоқчи бўлган жамоа мавсумни ёрқин бошлаши лозим. Шунда келажаги ҳам порлоқ бўлади. биз майдонда ҳукмронлик қиладиган жамоа бўлишни истаймиз, тўп билан кўпроқ муомала қилсак, камроқ югурамиз. Жамоамизнинг асосий мақсади шу», - деди Гиттенс bundesliga.com сайтига берган интервьюсида.
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади