Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Париж-2024 лицензияларини қўлга киритиб, делегациямиз таркибида 4-йилликнинг энг нуфузли мусобақасига биринчи бор ўйин спорт турларидан йўлланма олган жамоага айланди.
Бугун куннинг иккинчи ярмида футболчиларимизнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига ҳам йўлланма олиш имкониятлари ва бунинг учун ишлаб чиқилган режа муҳокама марказида бўлди.
Ўзбекистон футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳозирда барча терма жамоалар шакллантирилиб, уларга малакали мутахассислар бириктирилгани, ёшлар терма жамоалари учун маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Равшан Сайфуддинович ассоциация моддий-техник базасини янада яхшилаш мақсадида Тошкент вилоятида барча қулайликларга эга терма жамоалар маркази барпо этилаётгани, унинг тўлиқ имкониятидан фойдаланган ҳолда футболчиларимиз ҳар қандай мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришлари мумкинлигини қўшимча қилди.
Париж-2024 саралашида қизларимиз ҳам Олимпиада йўлланмаларига жуда яқин келишган эди. Бироқ сўнгги босқичда дунёнинг кучли жамоаларидан бирига имконият бой берилди. Суҳбатда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқарган ҳолда янги сиклга тайёргарлик кўриш ҳақида сўз борди.
Учрашув давомида миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятлари ҳақида ҳам тўхталиб, бу борада жамоага барча зарур шароитларни яратиш борасида тавсиялар бериб ўтилди. Қолаверса, вилоятлардаги инфратузилмаларни яхшилаш, ёшлар ўртасидаги турли мусобақалар ташкил этиш орқали селекция ишларига аҳамият қаратиш борасида фикр алмашилди.
Ҳар бир йиғилишда бўлгани каби бу гал ҳам Ўзбекистон делегациясини Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент қарори лойиҳасига таклифлар белгилаб олинди.