Сўнгги йиллар давомида миллий спортимиз – кураш бўйича ўтказиб келинаётган турли миқёсдаги ички ва халқаро мусобақалар бутун дунё бўйлаб минглаб мухлисларда катта қизиқиш уйғотиб келмоқда. Халқимизнинг азалий қадриятларидан бири бўлган ушбу спорт турининг кенг миқёсда профессионал тан олинишини таъминлаш, унинг тарихий аҳамиятини ошириш ҳамда кучли рақобат муҳитини яратиш йўлида ташкил этилаётган йирик турнирлар ва унда қўлга киритилаётган салмоқли натижалар курашни жаҳон спорт майдонларида оммалаштиришга хизмат қилади.
Яқинда Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида миллий ва қадимий спортимиз бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида IX, фахрийлар ўртасида III жаҳон чемпионати бўлиб ўтди ва унда полвонларимиз ушбу спорт турида жаҳонда тенгсиз эканликларини ҳар томонлама исботлади. “Mongolian Wrestling Palace” аренасига жам бўлган ўсмирлар ва ёшлар 20 хил, ветеранлар эса 9 хил вазн тоифаси бўйича ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди. Халқаро кураш ассоциацияси ушбу спорт тури бўйича мусобақалар оралиғи ҳамда мавжуд юқори талабни ҳисобга олган ҳолда ўсмирлар ва ёшлар бўйича дастурларда ҳар бир вазн тоифасига иккитадан иштирокчи қатнашишига рухсат берди. Фахрийлар ўртасидаги баҳсларда эса бу борадаги иштирокчилар миқдорига чеклов олиб ташланди.
Умуман олганда, кураш бўйича халқаро миқёсдаги мусобақаларнинг давомийлиги тикланди, десак ҳам янгилишмаймиз. Сўнгги бор ушбу спорт турида ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2016 йил Ҳиндистоннинг Керала шаҳрида бўлиб ўтган эди. Фахрийлар ўртасидаги охирги йирик турнир эса роппа роса 17 йил аввал 2007 йили Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида ўтказилган. Мўғулистон пойтахти мезбонлигидаги ушбу мусобақа ўз бағрига 30 дан ортиқ давлатдан ташриф буюрган 400 дан зиёд спортчини жамлади.
Ушбу мамлакат иккинчи марта кураш бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Бундан роппа роса 17 йил аввал Улан-Баторда ушбу спорт тури бўйича катталар ўртасида олтинчи жаҳон чемпионати ўтказилган эди. Шунингдек, Мўғулистондаги жаҳон чемпионати уч хил тоифадаги баҳсларнинг илк бора бир вақтда ва бир жойда бўлиб ўтгани билан ҳам ёдда қолди. Бунгача фақат Термиз ва Шаҳрисабз шаҳарларида катталар ва ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионатлари ва Президент соврини учун халқаро турнирлар биргаликда ўтказилган эди. Одатда, кураш бўйича жаҳон чемпионатлари стадионлар ёки йирик спорт комплексларида ўтказиб келинади. Бироқ Мўғулистондаги турнир махсус спорт саройида бўлиб ўтди. Ўзига 3 минг томошабинни сиғдира оладиган “Mongolian Wrestling Palace” ўйингоҳи яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган. 1998 йили қуриб битказилган ушбу мажмуада дзюдо, самбо, эркин ва юнон рим кураши бўйича бир қанча қитъавий чемпионатлар ва Гран При мусобақалари ташкил этилган. Ушбу жаҳон чемпионатларининг рамзи сифатида мўғул қор қоплони танланди. Мўғулистон қор қоплони йўқолиб кетаётган ноёб жонзотлардан бири сифатида халқаро қизил китобга киритилган. Бу жонзот мўғул халқида жасорат, жанговарлик ва кучлилик рамзи сифатида қадрланади.
Қишнинг қировли кунлари бўлишига қарамай мухлисларимиз қалбига доимий илиқлик улашган полвонларимизнинг чиқишларини дастлаб ёшлар ўртасидаги дастурлар бошлаб берди. 20 та вазн тоифаси бўйича юздан зиёд спортчилар иштирокидаги беллашувларда вакилларимиз яққол устунлик билан кетма-кет ғалабаларни қўлга киритишди. Жами 31 та (13 та олтин 13 та кумуш 5 та бронза) медални ўзиники қилган кураш ватани полвонлари асосий рақиблари бўлган мўғулларга ҳақиқий мастер-класс ўтаб берди, десак муболаға бўлмайди. Мезбонлар ушбу дастурда атиги 15 та медал қўлга киритган бўлса, туркиялик курашчилар битта олтин билан уйга қайтишди.
Ўсмирлар ўтасидаги беллашувлар ҳам ҳамюртларимизнинг ўз рақибларига нисбатан катта устунлиги билан якун топди. Истеъдодли ва умидли полвонларимиз жами 30 та медалга эга чиққан бўлса, шундан 12 таси олтин, яна шунчаси кумуш, олтитаси эса бронза медалларидан иборат.
Кураш бўйича фахрийлар ўртасидаги дастурларда ҳам мухлислар энг юқори даражадаги беллашувларнинг шоҳиди бўлишади. Халқаро кураш ассоциацияси 17 йиллик танаффусдан сўнг фахрийлар ўртасидаги баҳсларни қайтадан йўлга қўйиб келмоқда. Тўққиз вазн тоифасида 90 га яқин полвонлар иштирок этган ветеранлар ўртасидаги III жаҳон чемпионатида медаллар жамғариш бўйича бу сафар мезбонлар пешқадамликни қўлга киритди. Мўғулистонликлар жами 16 та медалга эга чиқди. Дастурни иккинчи ўринда якунлаган ўзбекистонлик курашчилар ўз ҳисобига 4 та олтин, 5 та кумуш ва битта бронза медалини қўшиб қўйишди.
Жаҳон чемпионатининг энг сўнгги натижаларига кўра, 30 та олтин, 30 та кумуш ва 12 та бронза медалига эгалик қилган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Мўғулистон иккинчи, Туркманистон эса учинчи поғонани банд этди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ тайёрлади.