2020 йилги Олимпиада ўйинлари дастурига киришга даъвогар спорт турлари шорт-листидан бейсбол (софтбол), сквош ва кураш ўрин олди. Бу ҳақда, Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ)га асосланиб, Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
ХОҚ ижроқўми Санкт-Петербургда бўлиб ўтган йиғилиши чоғида қўшимча бешта спорт тури – карате, ролик спорти, қояларга чиқиш спорти, вейкбординг ва ушуни Олимпиада ўйинлари дастурига киритилишини рад этди.
Ўйинларнинг якуний дастурига шорт-листдан ўрин олган учта спорт туридан фақат биттаси киради. Ғолиб номи ХОҚнинг 2013 йил сентябрь ойида Буэнос-Айресда бўлиб ўтадиган сессияси вақтида ўтказиладиган овоз бериш жараёни орқали аниқланади.
Кураш авваллари ёзги Олимпиада ўйинлари дастурининг асосий спорт турларидан бири ҳисобланар эди, бироқ 2013 йил февралида ХОҚ ижроқўми уни мусобақалар дастуридан чиқариб ташлаш ҳақида қарор қабул қилди. Ушбу қарор анъанавий тарзда вакиллари курашда яхши натижаларни қайд этиб келадиган Россия ва МДҲ давлатлари, хусусан, Арманистон ва Қозоғистон спорт жамоатчилиги норозилигига учради.
Ҳозирги вақтда (2020 йилгача) ёзги Олимпиада ўйинлари дастурида курашнинг уч кўриниши – юнон-рум, эркин ва аёллар кураши мавжуд.