Чемпионатда мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасида бораётган "Қизилқум" Тошкентда пешқадамлардан бири — "Локомотив"га қарши ўйинни жуда фаол бошлади. Ўйиннинг 15-дақиқаларигача устунлик зарафшонликлар томонида бўлди. Рустам Забиров шогирдлари чемпионатда яққол голга тортадиган вазиятлар яратишмайдию, аммо ташаббус кўпроқ меҳмонлар томонида бўлди. Кейинчалик эса мезбонлар ташаббусни ўз томонларига оғдира бошлашди.
Ўйиннинг 17-дақиқасига келиб, бир дақиқа ичида иккита давроза олдида 2та ўта хавфли ҳужум юзага келди. Мандзукас ўнг қанотдан Мустафоевдан тўпни олиб қўйиб, олдинга интилди ва жарима майдончасига ичига кириб келаётган Навкаровга узатди. Олим тўпга ташландию, аммо унинг оёғи тўпгача бир неча см. етмай қолди. Мезбонлар эса қап қанотдан ҳужум уюштиришди ва Фарҳод Тожиев томонидан етказилган тўпга Нагаев ва Холматов етолмай қолишди.
Темурйўлчиларнинг ҳужумларини бартараф этиб турган "Қизилқум" футболчилари биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида ҳисобни очишди. Фаррух Шотурсунов тўпни эгаллаб олиб, 22 метрлар масофадан зарба беришга қарор қилди. Тўп тўппа-тўғри Бугалонинг ўзига борди, аммо Павел уни қўлидан чиқариб юбориши оқибатида тўп майдон чизиғини кесиб ўтди.
Бўлим тугашига арафасида жарима майдончаси ичидаги кичик эътиборсизлик оқибатида зарафшонликлар бўлимни ғолиб сифатида якунлай олишмади. Карпенко тўп учун курашда ҳимоячидан тўпни олиб қўйди ва тўпни Тожиевга етказди. Фарҳоднинг оёғига тўп тегмай қолди, аммо унинг ортида турган Акмал Холматов чиройли зарба билан дарвозани ишғол қилди.
Иккинчи бўлим бошида майдон эгалари ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Абдуллаев тўпни жарима майдончаси чизиғи устида турган Тожиев енгилгина узатди, Фарҳод эса ўз навбатида уни ҳимоячилар билан бир чизиқда турган Нагаевга бош билан узатди, Иван дарвозанинг олис бурчагини аниқ нишонга олди. 2:1.
55-дақиқада Нагаевнинг узатмасидан кейин Тожиев дарвозабон билан бирга-бир вазиятда қолди, аммо дарвозабон унинг зарбасини оёғи билан қайтаришга муваффақ бўлди. Орадан 5 дақиқа ўтиб эса Нагаев худди шундай вазиятда дарвозабон Эркин Жабборовни доғда қолдира олмади.
Холматовнинг ўйиндаги иккинчи голи чиройли чиқди. Тожикистонлик футболчи 25 метрлардан дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди. Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас Шотурсунов дублга эришиши мумкин эди. У шериги узатган тўп қабул қилганча жарима майдончасига кириб борди, аммо Бугало унга нисбатан чаққонроқ ҳаракат қилиб, тўпни эгаллаб олди.
Ушбу ғалабадан кейин "Локомотив" ўз очколарини сонини 25тага етказди. "Қизилқум" эса мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасида қолди.
ОЛИЙ ЛИГА-2013. 10-ТУР
"ЛОКОМОТИВ" - "ҚИЗИЛҚУМ" - 3:1 (1:1)
Голлар: Акмал Холматов (45+1, 79), Иван Нагаев (50) — Фаррух Шотурсунов (40)
Огоҳлантиришлар: Салим Мустафоев (6) — Алишер Саматов (32)
"Локомотив": 1. Павел Бугало, 7. Садриддин Абдуллаев (77. Санжар Турсунов 77), 8.Акмал Холматов, 10.Фарҳод Тожиев, 16. Жасур Ҳасанов, 17. Салим Мустафаев (22. Шерзод Шарипов 67), 19. Ислом Иномов, 20. Ислом Тўхтахўжаев, 23. Иван Нагаев, 29. Виктор Карпенко (6.Дилшод Раҳматуллаев 58), Дилшод Жабборов
"Қизилқум": 1. Эркин Жабборов, 2. Темур Яфаров, 5. Аваз Агалиев, 6. Фаррух Ҳайдаров, 7. Андрей Власичев, 8. Фаррух Шотурсунов, 9. Олим Новкаров (21.Ғуломҳайдар Ғуломов 75), 12.Темур Айзаттулов (23. Сарвар Холматов 88), 14. Файзулла Қамбаров, 19. Яннис Мандзукас (41.Азиз Ғуломхўжаев 72), 22. Алишер Саматов
Бош ҳакам: Мурод Муҳаммедов.