«Динамо»нинг Дубайдаги йиғини якунида жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов клуб матбуот хизматига интервью бериб, Суперлига олди ўтказилган йиғинлар, тайёргарлик, селекция, трансферлар, жамоадаги ёшлар, янги мавсум, тақвим ва «Навбаҳор»га қарши ўйин ҳақида фикрини билдирди.
— Янги мавсумга 2 ҳафта қолди. "Динамо" Тошкент, Абу-Даби ва Дубайда йиғин ўтказди. Жамоанинг тайёргарлиги ҳақида қандай фикрдасиз?
— Режалаштирган ишлар амалга оширилди. Лекин ҳақиқий баҳолаш мавсум бошлангач аниқ бўлади. Айтиш мумкинки, барча футболчилар жисмоний жиҳатдан қаттиқ меҳнат қилишди. Йиғинлар оғир бўлди, лекин футболчилар барча топшириқларни бажаришди. Муҳими, жиддий жароҳатларсиз йиғинни якунладик. Бир ҳафтадан сўнг чемпионатга шай бўламиз, деб ўйлайман.
— Селекция борасида ишлар қандай кечди? Керекли футболчиларни жалб қила олдингизми?
— Селекция ишларидан ҳар доим тўлиқ қониқиш қийин. Биз бир футболчи билан шартнома имзоладик, аммо Нигерия фуқароларига Дубай визаси олиш муаммоли бўлгани учун у бу ерга кела олмади. Бугун Тошкентга етиб келиши керак. Шунингдек, бир нечта футболчиларни жалб қилишни хоҳлагандик, лекин келиша олмадик. Шунингдек, мавжуд таркибдан мамнунман.
— Жамоанинг етакчилари қолдими?
— Ҳа, биз жамоанинг асосий ўзагини сақлаб қолдик. Фақат бир футболчи – Кожо жамоани тарк этди, у Чемпионлар Лигасида иштирок этувчи жамоада ўйнашни хоҳлади. Бу унинг орзуси эди, шунинг учун биз уни қўллаб-қувватладик ва унга омад тилаймиз.
— Жамоадаги умумий муҳит қандай?
— Мураббий сифатида муҳитни яхши деб баҳолайман. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Йиғинларда иштирок этганлар бунга ўзлари ҳам гувоҳ бўлган бўлишлари керак.
— Янги мавсумда қайси футболчиларга кўпроқ таяниб ўйнашни режалаштиряпсиз?
— Ҳар бир футболчидан юқори самара кутаяпман. Агар кимдир мен учун кутилмаган равишда яхши ўйнаса, бу жуда яхши бўлади. Барча ўйинчиларга ишонаман ва улар мени албатта қўллаб-қувватлайди, деб умид қиламан.
— Жамоанинг янги мавсумдаги мақсадлари қандай?
— Бу ҳақда клуб раҳбарияти расман маълумот беради. Биз эса доимо юқори мақсадларни кўзлаймиз. Ҳаммаси футболдаги кўплаб жиҳатларга боғлиқ. Биз ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришга ва мухлисларни хурсанд қилишга интиламиз.
— Чемпионат тақвими ҳақида фикрингиз?
— Тақвим яхши эмас, лекин биз уни ўзгартиришга кучи етмайдиган жамоалардан биримиз. Шунинг учун тақвим қандай бўлса, шундай ўйнаймиз. Биринчи ўйин – "Навбаҳор"га қарши. Уларнинг таркибида катта ўзгаришлар бор, бизда эса уларнинг ўйинларидан таҳлиллар бор. Тошкентга қайтиб, шу ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
— Янги мавсумда 16 та жамоа иштирок этади. Бу ҳақида қандай фикрдасиз?
— Бу формат қизиқарли бўлади, деб ўйлайман. Лекин мавсум бошида ҳали ҳамма жамоалар ҳақида аниқ тасаввур йўқ. Биринчи 5 та тур ким қандай тайёргарлик кўрганини кўрсатади.
— Қайси жамоаларни чемпионлик учун асосий даъвогар деб ҳисоблайсиз?
— Бу йил "Нефтчи" кучли трансферлар қилди. "Насаф" ҳам кучайди, "Пахтакор" эса Чемпионлар Лигасида 2 та расмий ўйин ўтказди, бу уларга чемпионат бошланишидан аввалги тайёргарликда устунлик беради.
— Жамоада ёш футболчиларга имконият бўладими?
— Ҳа, албатта. Ким ўзини яхши кўрсата олса, ўша асосий таркибга кириши мумкин. Биз ёш футболчиларни келажак учун жамоага жалб қилдик. Улар йиғинларда яхши ўйнашди, лекин расмий ўйинлар тамоман бошқача бўлади.
— Дубайда ўтказилган ўртоқлик ўйинлари ҳақида қандай фикрдасиз?
— Биз жиддий рақибларга қарши ўйнадик ва яхши ўйин намойиш қилдик. Бироз индивидуал хатолар бўлди. Баъзи ўйинларни 2 кун оралиқсиз ўтказишга тўғри келди, бу эса биз учун қийин бўлди.
— Жамоанинг қайси позицияси сиз учун ҳозир энг катта муаммо?
— Ҳозирча марказий ҳимоядаги уйғунликни оширишимиз керак. Бошқа муаммолар ҳам бор, лекин уларни мавсум давомида ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.
— Мавсум бошланишига 2 ҳафта қолди. Охирги режалар қандай?
— Йиғиндан сўнг футболчиларга 2 кун дам берамиз. 27-февралда Тошкентда йиғиламиз. 1-март куни "Қўқон"га қарши ўртоқлик ўйини ўтказамиз ва 9-мартдаги чемпионат ўйинига тайёрланамиз.
— Мухлисларнинг жамоадан умидлари катта. Бу сизга қандай таъсир қилади?
— Бу яхши нарса. Биз ўтган мавсумдаги ўйинимиз билан уларга умид бағишладик. Энди эса уларни хурсанд қилиш – бизнинг вазифамиз. Жамоа мухлисларни хурсанд қилиш учун яхши ўйин кўрсатиши керак.
— Сўнгги фикрларингиз?
— Мухлисларни трибуналарга жалб қилиш муҳим. Агар трибуналар тўлса, демак, биз яхши ўйнамоқдамиз ва мухлисларимиз бор.