Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 18 июнь куни Тошкентда 2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритиш учун Қатар терма жамоасига қарши ҳал қилувчи баҳсда майдонга чиқади.
Ушбу муҳим ўйин олдидан терма жамоамиз ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев «Daryo» интернет нашрига интервью бериб ўтди. Суҳбат давомида Тўхтахўжаев бўлажак ўйин, терма жамоамизнинг ЖЧ чиқиш имкониятлари ва терма жамоада ишлаган мураббийлар ҳақида саволларга жавоб қайтарди.
– Ислом, Қатар билан ўйиннга тайёргарликлар қандай кетмоқда? Таркибда қандай ўзгаришлар бор?
– Ҳар доимгидек Қатар терма жамоасига қарши ўйинга ҳам жиддий тайёргарлик кўрмоқдамиз. Машғулотлар мураббийларнинг кўрсатмалари асосида аъло даражада олиб борилмоқда. Жамоадошларимнинг кайфияти ва терма жамоадаги муҳит зўр.
– Жанубий Корея билан бўлиб ўтган баҳсда терма жамоа аъзоларининг ўзини йўқотиб қўйиши ва асабийлашишига сабаб нима?
– Сеулдаги ўйинда ҳеч ким ўзини йўқотиб қўймади. Асабийлашишимизга ғалаба ҳақида кўпроқ ўйлаганимиз сабаб бўлди шекилли.
– Ушбу саралаш баҳслари доирасида Қатарга қарши ўтказилган учрашувда майдонда тўлиқ ҳаракат қилгансиз. Дохадаги ўйиндан келиб чиқиб айтингчи, терма жамоамиз 18 июнь куни ўзига керакли натижани қайд этиб, Жаҳон чемпионатига чиқа оладими?
– Ҳар бир учрашувда мураббийлар ўйиннинг аҳамияти ва футболчилардан келиб чиқиб турли хил тактика танлашади. Дохада бўлган учрашув билан «Бунёдкор»да бўладиган учрашувнинг иккала терма жамоа учун аҳамияти турлича. Бироқ, биз 18 июнь куни Ўзбекистон учун керакли натижага боримизни берамиз.
– Сизнингча Қатар терма жамоаси қайси жиҳати билан бизга хавф туғдириши мумкин? Улар амалда йўлланмадан ҳам плей-оффдан ҳам маҳрум бўлиб бўлишди.
– Эртага Қатар терма жамоасининг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. Шу сабабдан ҳам улар ортиқча босимсиз, эркин ўйнашса керак.
– Қатарлик рақибларга дарвозагача боришига йўл қўймаслик, ва арабча футболга чалғимай майдонда куч борича ҳаракат қила оласизларми? Ҳужумга ҳадеб берилиш натижасида, ҳимояни эсдан чиқариб, рақибга тўпни бериб қўямсликка ҳаракат қиласизларми?
– Менимча, қатарликлар эртага сиз айтгандай арабча футбол намойиш этишмаса керак. Биз эса кучимиз борича, қониқарли натижа учун ҳаракат қиламиз. Бу ўйинда ҳимояни эсдан чиқармаган ҳолатда кўпроқ ҳужум қилишимиз ва ғалаба қозонишимиз шарт.
– Жанубий Корея – Эрон терма жамоалари баҳсидан қандай натижа кутяпсиз?
– Иккала жамоа ҳам ижобий натижа учун ҳаракат қилиши шубҳасиз. Мен терма жамоамиз учун қониқарли бўлган натижани кутяпман.
– Ҳозир гуруҳда шундай вазиятки, агар биз Қатарни 6-0 га ютсак Жаҳон чемпионатига чиқамиз. 4-0 да эса нариги жамоалар дуранг ўйнаши керак, Жанубий Корея ғалаба қиладиган бўлса, биз Қатарни қандай ҳисобда мағлуб этсак ҳам марра бизники. Қайси бири бўйича тайёргарлик кетяпти?
– Биз Жанубий Корея – Эрон терма жамоалари ўйинида қандай натижа бўлиши ҳақида эмас, Қатар терма жамоаси билан бўлиб ўтадиган ўзимизнинг ўйинимиз ҳақида ўйлаяпмиз.
— Сиз ҳозирги бош мураббийнинг фаолиятига қандай баҳо берасиз? Сизнингча Вадим Абрамов…?
– Менинг фикримча, мураббий ва футболчиларга бошқалар баҳо бергани маъқул. Мен ҳар иккала мураббий учун шогирдман ва устозларимга баҳо беролмайман. Бироқ, иккала устозимни ҳам қаттиқ ҳурмат қиламан.
– Ҳар гал Жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун имкониятларга эга бўламизу, охирида нимадир бўлиб йўлланмадан қуруқ қолиб кетамиз. Сизнингча бу сафар нима бўлади?
– Авваллари бизда бунақа имконият бўлмаган. Ишончим комил, бу сафар аниқ Жаҳон чемпионатига чиқамиз.
– Бақоев, Гейнрих, Тожиев — қайси бир футболчини асосий таркибга киритган бўлардингиз?
– Юқорида айтганимдек, мураббийлар ҳар бир ўйиндан келиб чиқиб тактика танлайди ва ўша тактикага мос тушадиган футболчини майдонга туширади. Шунингдек, мураббийлар кимнинг қачон фойдаси тегишини жуда яхши билишади.
– Сизларга ишонамиз. Биз албата Жаҳон Чемпионатига борамиз … Ютса ҳам, ютқазса ҳам бизда битта терма жамоа бор: Ўзбекистон терма жамоаси ва мен уларни ютқазганда ҳам яхши кўрамиз.
– Раҳмат. Бизга ҳозир мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши жудаям керак.
– Суҳбатимиз якунида футбол мухлисларига тилакларингиз.
– Мухлисларимиз бир тану, бир жон бўлиб бизни қўллаб-қувватлашсин, биз Ўзбекистон учун боримизни берамиз. Ниятим – 18-июн куни ҳамма мухлисларимиз билан биргаликда Жаҳон чемпионатига чиққанимизни байрам қилиш насиб этсин.