Бундан икки йил аввал Мексиканинг Торреон шаҳрида Ўзбекистон ва Янги Зеландия ўсмирлар терма жамоалари ЖЧнинг илк баҳсида тўқнаш келишганди ва унда океанияликлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Бўлажак учрашув ҳақида превью тайёрлаган ФИФА расмий сайти, эртанги ўйинга "матч-реванш" дея баҳо берди.
Янги Зеландия сафида 2 йил олдинга таркибдан Ховиесон Кэмерон ва Тим Пейн Туркидяга мусобақага ташриф буюришди.
"Ўша ўйиндан менда яхши таассуротлар қолган. Ўзбекистонни мағлуб этганимиз ҳаётимдаги ёрқин ўйинлардан бири бўлганди. Биз майдонга чиқиб, жуда яхши ўйин кўрсатгандик ва бир нечта голлар ургандик. Ушбу ўйин орқали биз жуда катта шов-шув кўтаргандик", дея эслайди Тим Пейн.
"Ҳа, жуда яхши ҳиссиётларга чўмгандик", дейди Ховиесон. "Ўзбекистон эса мусобақада узоққача борганди. Улар нимчорак финалда Австралияни 4:0 ҳисобида мағлуб этишганди".
Эртанги ўйинда ўзбекистонликлар ўша мағлубият учун реванш олишни мақсад қилишган.
"Умид қиламан, бу сафар ҳам биз ўша натижани такрорлай оламиз. Улар, шубҳасиз, биздан қасос олишга ҳаракат қилишади. Лекин биз бу ўйинга ишонч билан тайёргарлик кўряпмиз. Эртанги баҳсда 3 очко олишни режалаштиряпмиз. Бу жамоанинг қўлидан келадиган иш. Энг асосийси, бор эътиборни ўйинга қаратсак бўлгани", дейди 18 ёшли Ховиесон.
"Биринчи ўйинда ютиб олсак, иккинчи баҳсда биз дуранг ёки ғалабага умид қилишимиз мумкин. Шунда гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалаймиз. Мусобақада имкон қадар узоқроққа боришни истаймиз", дейди Ховиесон.
Ушбу икки футболчи 2012 йил Лондонда бўлиб ўтган Олимпиадада ҳам иштирок этган ва Янги Зеландиянинг барча уч учрашувида майдонга тушган.
"Ўзимиздан катта футболчилар билан ўйинларда иштирок этиб, катта тажриба тўпладик. Яна бир марта бундай имкониятга эга бўлаётганимиздан хурсандмиз".