Хабарингиз бор, Максим Шацких яна Киевнинг "Арсенал"ига қайтди. Унинг "Черноморец"даги "хизмат сафари" 5 ойга чўзилди, холос. Ўзбекистонлик футболчи киевликлар билан янги шартнома имзолади. Ҳужумчи Украинанинг "Команда" нашрига берган интервьюсида бўлажак режалари ҳақида гапириб ўтди.
— Максим, сўнгги бир ҳафта ичида сиз "Арсенал" билан музокара олиб борганингиз ҳеч кимга сир бўлмади. Бу жараён нима учун чўзилиб кетди?
— Айрим нарсаларга аниқлик киритиб олишимизк ерак эди. Энди бу ҳақда гапиришдан маъно йўқ. Мен "Арсенал"нинг тўлақонли аъзосиман ва энди бу ҳақда гапиришдан маъно йўқ.
— Сизда Россиядан ҳам вариантлар бор эди. Кимлар қизиқиш билдирди?
— Краснодарнинг "Кубань" ва Москванинг "Локомотив" жамоалари.
— Сизни "Арсенал"га ўтишга клуб президенти кўндирдими?
— Нега энди? Ўзим хоҳладим. Бу ерда аҳил жамоа йиғилган. Аввалги бош мураббий Юрий Бакалов ҳам ўз ўрнида қолган. Ишончим комил, у жамоага янгилик олиб кира олади.
— "Канонирлар" бошлиғи Александр Онишенко сизга бу лойиҳа жиддий ва узоқ муддатга мўлжалланганини, молиявий муаммолар юзага келмаслигини айтмадими?
— Албатта, бу ҳақда гаплашдик. Александр Романович клуб келажагига оптимистик руҳ билан қарамоқда. Олдимизга максимал вазифалар қўйилади.
— Киевда истиқомат қилишингиз ҳам қарор қабул қилишда муҳим роль ўйнаган бўлса керак?
— Албатта, ўзинг яшайдиган шаҳар клуби сафида ўйнаш осон. Лекин бу ҳал қилувчи омил бўлмади. Мен сафарларга ўрганиб қолганман. Агар Россия чемпионатига ўтганимда, буни оддий қабул қилардим.
— Дарвоқе, "Черноморец"даги ўйнаётганингизда рўзғорингиз қай даражада бўлди?
— Мен ижарага олинган уйда яшадим. Фарзандларим таътилда менинг олдимда бўлишди. Турмуш ўртоғим эса Киев ва Одесса оралиғида бўлди, десам ҳам бўлади.
— Нима учун одессаликлар сафида фаолиятингизни давом эттирмадингиз?
— Бунга мен томондан ҳам, мураббий томондан ҳам сабаблар бор эди. Ўзим томондан айтадиган бўлсам, менга ўйин амалиёти етишмади. Мен ҳозир захира ўриндиғида ўтириб, ўз вақтимни кутадиган ёшда эмасман.
— Фаолиятингизнинг ушбу даврини сизнинг фойдангизга ёзиб қўйиш қийин. Боиси, сиз бирорта ҳам фойдали ҳаракатни амалга оширмадингиз.
— Ҳаттоки энг ёмон вазиятларда ҳам мен қандайдир фойдали ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун йўқотилган вақт ҳақида гапиришни истамайман. Ўйинчилик фаолиятни якунлаганимдан кейин ҳам футболдан кетмайман. Шу соҳада қандайдир фаолият олиб бораман.
— "Черноморец" еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Сиз эса у ердан кетганингиздан афсуслангандирсиз?
— Асло. Озгина вақт бўлса-да ўйнаган клубим ўз олдига қўйган вазифани уддалаганидан хурсанд бўлдим. Еврокубокларда уларга ёрдам берармидим ёки йўқми — бу ҳам бир савол. Аввалгидек захирада ўтиришим ҳам мумкин эди.
— Янгидан шакллантирилаётган "Арсенал" учун мусобақа жадвалининг ўрта ўринларини эгаллаш ёмон натижа бўлмаса керак? Ёки еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган ўринларга эгаллаш мумкинми?
— Олдимизга шундай вазифа қўйилади. Кучли ўнликдаги ўринлар учун курашишдан маъно йўқ. Билишимча, "Арсенал"да яхши таркиб йиғилмоқда. "Арсенал" якунланган мавсумнинг сўнгги қисмини мағлубиятсиз ўтказди ва биз ушбу серияни давом эттиришимиз керак.