Ўзбекистон ва Уругвай ёшлар терма жамоалари ўртасидаги U-20 ЖЧ-2013 гуруҳ босқичи 3-тур учрашувини венгриялик ҳакамлар бошқариб боришади.
Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси 29 июнь, шанба куни Туркияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи сўнгги – 3-тур учрашувлари доирасида Уругвай терма жамоасига қарши майдонга тушади. Анталиядаги Акдениз университети стадионида Тошкент вақти билан 20:00да бошланадиган баҳсни Виктор Кашшаи бошчилигидаги венгриялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.
Кашшаига қанотларда ватандошлари – Габор Эрос ва Иштван Альберт ёрдам беради. Австралиялик Бенжамин Уильямс эса учрашувнинг тўртинчи ҳаками сифатида қайд этилган.
Виктор Кашшаи бригадаси учун бу жорий жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйин болади. Бунгача венгриялик ҳакамлар «В» гуруҳи доирасидаги Куба – Нигерия (0:3) ўйинини назорат қилиб борган, ўйин давомида ҳар иккала терма жамоа вакилларига уч мартадан сариқ карточка кўрсатилган эди.
Қайд этиш жоиз, ФИФА байроғи остидаги мусобақаларни 2003 йилдан бери бошқариб келаётган 37 ёшли Виктор Кашшаи Европанинг энг кўзга кўринган арбитрларидан бири ҳисобланади. Шу кунгача у Канадада ўтказилган U-20 ЖЧ-2007да ҳакамлик қилган, Евро-2008 баҳсларида захира ҳаками вазифасини бажарган, Пекин-2008 Олимпиадаси финалини бошқарган.
ЖЧ-2010 баҳсларида у тўртта ўйинда, жумладан, Германия ва Испания терма жамоалари ўртасидаги ярим финал ўйинида ҳакамлик қилган бўлса, 2011 йили «Барселона» ҳамда «Манчестер Юнайтед» ўртасида Лондондаги «Уэмбли» стадионида кечган Европа Чемпионлар лигаси финалида бош ҳакам бўлган. Евро-2012 баҳсларида эса Испания – Италия ва Англия – Украина учрашувларини бошқариб борган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг U-20 ЖЧ-2013 гуруҳ босқичидаги дастлабки ўйинларини парагвайлик ва перулик ҳакамлар бошқариб борган эди.
U-20 ЖЧ-2013, гуруҳ босқичи
«F» гуруҳи, 3-тур учрашуви
ЎЗБЕКИСТОН – УРУГВАЙ
Бош ҳакам: Виктор Кашшаи (Венгрия).
Ён қанот ҳакамлари: Габор Эрос (Венгрия), Иштван Альберт (Венгрия).
Тўртинчи ҳакам: Бенжамин Уильямс (Австралия).