28 июнь, жума куни Анталиядаги «Rixos Lares» меҳмонхонасининг «Mayis» («Май») залида Ўзбекистон ва Уругвай U-20 ёшлар терма жамоалари менежерлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Митинг давомида 29 июнь, шанба куни, Тошкент вақти билан 20:00да Анталиядаги Акдениз университети стадионида бошланадиган ўйин бўйича ташкилий, хавфсизлик, тиббий, ҳакамлик, медиа ва маркетинг масалалари кўриб чиқилди. Митингни ФИФАнинг Анталиядаги бош координатори Фелипе Рестрепо олиб борди.
Менежерлар учрашуви давомида бўлажак ўйинда томонлар қайси рангли либосларда тўп суриши ҳам аниқлаб олинди. ФИФА белгилаган нормаларга кўра, шанба куни бўладиган баҳсда Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси кўк либосларда, Уругвай U-20 ёшлар терма жамоаси эса оқ рангли либосларда ҳаракат қилади. Виктор Кашшаи бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси эса қизил либосларда ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Уругвайга қарши ўйинда «А» жамоа сифатида қайд этилган. Бош координатор Фелипе Рестрепонинг сўзларига кўра, бу каби мусобақаларда жамоанинг «А» ёки «В» мақомда бўлиши унга либос рангларини танлашда устунлик бермайди. Шунингдек, митинг чоғида Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси таркибидаги огоҳлантириш олган футболчилар ҳақида тўхталиб ўтилди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси дастлабки икки ўйинда жами тўртта сариқ карточка ишлаган бўлса, Уругвай ёшлари Хорватия ва Янги Зеландияга қарши ҳар иккала ўйинни карточкаларсиз ўтказишга муваффақ бўлишган.
Митингда берилган маълумотга кўра, 29 июнь куни Анталияда бўлиб ўтадиган ўйинларга жами 3,3 мингдан ортиқ чипта сотилган, бироқ, маҳаллий ташкилотчиларнинг билдиришларича, 2,5 минг атрофида мухлис стадионга келиши кутилмоқда. Уругвай вакиларининг маълум қилишларича, Ўзбекистонга қарши ўйинда жанубий америкалик футбочлиларни 200 нафарга яқин ишқибоз қўллаб-қувватлаб туради.
Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоасини Бурсадаги ўйинларда ажойиб тарзда қўллаб-қувватлаб турган ўзбекистонлик мухлислар Анталияга ҳам ташриф буюришлари кутилмоқда.