Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ёпиқ иншоратлардаги спорт турлари ва жанг санъатлари бўйича давом этаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистонлик шахмат усталари муносиб иштирок этишмоқда.
Аёллар ўртасидаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Нафиса Мўминова учинчи турда қозоғистонлик Гулисхан Нахбаевани енгиб, тўртинчи турда эронлик спортчи билан дурангга имзо чекди. Эслатиб ўтамиз, Нафиса биринчи турда япониялик шахматчини енгиб, иккинчи турда муғилистонлик спортчи билан дуранг натижа қайд этган эди. Шу тариқа, шу кунга қадар ўтказилган тўрт партиянинг бирортасида мағлубиятга учрамаган Нафиса Мўминова ҳисобидаги очколар сони 3 тага етди ва у хозирда пешқадамлар сафида бормоқда.
Хотин-қизлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этаётган яна бир спортчимиз Гулруҳбегим Тоҳиржонова биринчи турда непаллик Бина Жейсвални, иккинчи турда эса қозоғистонлик Гулисхан Нахбаевани енгиб, учинчи ва тўртинчи турларда имкониятни бой берди.
Бугун ўтказиладиган 5-турда (Тошкент вақти билан соат 13:00да) Нафиса Мўминова эронлик спортчи билан баҳс юритса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова непаллик шахмат устасига қарши дона суради.
Эркаклар ўртасида ўтказилаётган мусобақаларда халқаро гроссмейстерларимиз Марат Жумаев ва Антон Филиппов мағлубиятсиз одимлашда давом этишяпти. Марат Жумаев учинчи турда мўғилистонлик Батчулун Цегмед билан, тўртинчи турда эса филиппинлик Оливер Барбоза билан дуранг натижани қайд этган бўлса, Антон Филиппов учинчи турда яманлик Муҳаммад Отманни, тўртинчи турда эса бангладешлик Аҳмад Уддиномни мағлуб этди.
Эслатиб ўтамиз, Марат Жумаев биринчи турда Yee Soon Wei (Бруней)ни, иккинчи турда эса Gon Wei Ming Kevin (Сингапур)ни мағлубиятга учратган эди. Антон Филиппов эса дастлаб Chan Yi Ren Daniel (Сингапур) билан, иккинчи турда эса Ehsan Ghaemmaghami (Эрон) билан дуранг ўйнаган эди.
Бугун ўтказиладиган 5-турда (Тошкент вақти билан соат 13:00да) Марат Жумаев БАА вакили Абдураҳмон Муҳаммад Солиҳ Салим билан баҳс юритса, Антон Филиппов қатарлик Аҳмад Ал Медахкига қарши дона суради. Ҳар икки гроссмейстерларимиз ҳам оқ доналарда баҳсларга киришадилар.