Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган ёпиқ иншоатлардаги спорт турлари ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларида яна бир ҳамюртимиз Шаҳноза Хўжаниёзова совриндорлар сафидан ўрин олди.
Кикбоксинг бўйича вазни 56 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида иштирок этган Шаҳноза Хўжаниёзова ярим финалда вьетнамлик Нгуен Тхи Майга имкониятни бой берди ва Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди.
Спортнинг ушбу тури бўйича эркаклар ўртасида ўтказилаётган мусобақаларда терма жамоамиз етакчиларидан бири Азамат Абдираимов (-63 кг) ярим финал жангида иорданиялик Билол Ҳасан Муҳаммад Алхашашни 8:6 ҳисобида енгиб, олтин медал учун курашни давом эттирадиган бўлди. Ҳал қилувчи финал учрашуви бугун бўлиб ўтади ва унда Азамат ироқлик Муҳаммад Ҳайдар Ал Асади билан Осиё ўйинлари ғолиблиги учун кураш олиб боради.
Яна бир неча дақиқалардан сўнг терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Ахмет Алимбеков ҳам финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади. Оғирлик вазни 81 кг.гача бўлган спортчилар мусобақасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ахмет ярим финалда вьетнамлик Фан Ван Мин билан баҳс юритади.