Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев Францияга қарши чорак финал ўйини жамоаси учун катта дарс бўлганини қайд этиб ўтди.
6 июль, шанба куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркия давом этаётган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати баҳслари чорак финал учрашувлари доирасида Ризе шаҳридаги «Йэни Шеҳир» стадионида Франция ёшлар терма жамоасига қарши майдонга тушди. Учрашув 4:0 ҳисобида Европа вакили фойдасига ҳал бўлди.
«Францияга қарши ўйинда икки нафар ўйинчимиз дисквалификация сабаб, яна бири эса жароҳати борлиги учун майдонга туша олмади. Таркибимиз бир-бирининг ўрнини боса оладиган ўйинчилардан ташкил топган, бироқ барибир баъзи бир ўйинчиларнинг майдонда йўқлиги натижага таъсир қилади. Бундан ташқари, Франция ёшлар терма жамоаси бугун майдонда биздан бир неча бор яхши ўйин кўрсатди ва ҳақли равишда ғалаба қозонди», - деди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев.
Ўйин Франция ёшлар терма жамоасининг катта устунлиги остида ўтди. Пьер Манковски шогирдлари Асилбек Омонов дарвозаси томон жами 28 марта зарба йўллаб, жавобсиз тўртта гол урган бир вазиятда, ўзбекистонлик футболчилар французлар дарвозасини бор-йўғи тўрт марта нишонга олишди. Ушбу зарбалардан фақат учтаси аниқ чиқди. Тўп назоратида ҳам французлар ўзбекистонлик рақибларини 16 фоизга ортда қолдиришди.
«Яна қайтараман, бугун биз уч нафар асосий ўйинчиларимиздан фойдалана олмадик. Бу жиҳат, шубҳасиз, бугунги ўйинимизга ўз таъсирини кўрсатди. Тан олиш керак, бугун Франция ёшлар терма жамоаси бизга ҳақиқий дарс ўтди. Бугунги ўйин, бугунги натижа биз учун катта дарс бўлди», - деди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи.
21 июнь куни старт олган Туркиядаги жаҳон чемпионати баҳслари 13 июлга қадар давом этади. Мусобақа учрашувлари Туркиянинг етти шаҳридаги етти стадионда ўтказилаётган бўлиб, Ўзбекистон уларнинг тўрттасида – Бурсадаги «Отарук», Анталиядаги Акдениз университети стадиони, Газиантепдаги Камил Ўжак номли ва Ризедаги «Йэни Шеҳир» стадионларида тўп суришга, шунингдек, Бурса, Анталия, Газиантеп, Трабзон ва Ризе шаҳарларидаги ташкилотчилик билан бевосита танишишга муваффақ бўлди. Мусобақа давомида салкам бутун Туркияни айланиб чиққан терма сифатида, айнан Ўзбекистон мезбонлар ҳақида бирор холис фикр билдириши мумкин.
«Бундай катта мусобақалар ўз-ўзидан ўтказилмайди ва фақат муносиб давлатларгагина тақдим этилади. Биз Туркияда ташкил этилган жаҳон чемпионати баҳсларида иштирок этганимиздан жуда ҳам хурсандмиз. Туркияга келган илк кунимизданоқ биз ўзимизни уйдагидек ҳис қилдик, чунки халқларимизни яқин маданият, тил, алоқалар бирлаштириб туради. Туркиялик ишқибозларнинг ўйинлар давомида бизни қўллаб-қувватлаб турганликлари эса алоҳида эътиборга молик. Туркча меҳмоннавозлик учун «тешеккур эдерим», - дея қўшимча қилди Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев.
Ушбу матбуот анжумани Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вакиллари иштирокидаги ЖЧ-2013даги сўнгги медиа тадбир бўлди.