Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда спортни ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, айниқса, хотин-қизлар спортини кенг қулоч ёйдиришга қаратилган амалий тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Шаҳар ва қишлоқларда, энг олис овулларда ҳам, барча қулайликларга эга замонавий спорт иншоотлари бунёд этилгани кўплаб иқтидорли спортчиларнинг етишиб чиқиши, уларнинг халқаро мусобақаларда, турли спорт беллашувларида юқори натижаларга эришишини таъминлаётир.
Бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Давлетмурат Қалхўрозов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, у орқали жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга йўналтирилган кенг қамровли дастурлар амалга оширилаётгани соғлом ва баркамол ўғил-қизларни вояга етказишда муҳим омил бўлмоқда. Ёшлар, айниқса, қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун етарли шарт-шароит яратиб берилаётгани ҳудудимизда спортнинг кўплаб турлари жадал ривожланишини таъминламоқда. Хусусан, бадиий гимнастика, енгил атлетика, кураш каби спорт турлари билан шуғулланаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда.
Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 16 стадион, 682 спорт зали, тўрт сув ҳавзаси, бир манеж, 2 минг 420 спорт майдончаси спортчиларнинг мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришига хизмат қилмоқда. Уларда 330 минг ёшлар, жумладан, 161 мингдан ортиқ қизлар спортнинг йигирмадан зиёд тури билан шуғулланаётир.
42 спорт мактаби, битта футбол мактаб-интернати, спорт коллежи, Олимпия захиралари коллежи, 38 болалар ва ўсмирлар спорт мактабида жами 24 минг тўрт юздан ортиқ ўғил-қиз спортнинг 28 тури, жумладан, йигирмата Олимпия спорт тури бўйича мунтазам шуғулланади. Уларга 715 нафар тажрибали мураббий маҳорат сирларини ўргатмоқда. Эътиборлиси, малакали мураббийларнинг 147 нафарини аёллар ташкил этади.
Спортга бўлган эътибор, яратилган бундай шароитлар ўз самарасини бермоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида халқаро мусобақаларда 31 спортчимиз иштирок этди. Бундай натижалар спортчиларимиз орасидан олимпиадачиларнинг кўплаб етишиб чиқишидан дарак беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган ҳудудий дастурга кўра тайёргарлик ишларини босқичма-босқич бошлаб юбордик.
Спортнинг оғир атлетика, академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, бокс, таэквондо, бадиий ва спорт гимнастикаси, теннис, енгил атлетика, сузиш ва синхрон сузиш турлари бўйича махсус спорт базаларида машғулотлар олиб борилмоқда. Қизкеткен каналида академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэ спорт тури бўйича спортчилар мунтазам равишда тайёргарлик ўтказаётган бўлса, “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамиятига қарашли базада ҳамда Нукус Олимпия захиралари коллежида боксчиларимиз машғулот олиб боришмоқда.
Белгиланган режага мувофиқ Олимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, уларнинг натижалари мутахассислар иштирокида чуқур таҳлил қилинмоқда. Айни пайтда оғир атлетикачиларимиздан Р.Ўрозбоев, З.Медетбоева Чирчиқ шаҳрида, академик эшкак эшувчиларимиз Е.Ҳамидуллаев ва А.Узоқбоев Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, эркин курашчи И.Ержанов, аёллар кураши бўйича Н.Асенбоева ва А.Султамуратова Тошкент шаҳридаги “Динамо” спорт базасида, дзюдочи Э.Машарипов Чирчиқ шаҳрида мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Асосий мақсадимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритишдан иборат. Бунинг учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз.