Бобурбек Йўлдошев (4-рақамда) ва Диёрбек Туропов (8) © twitter.com/uzbekistanu20 / FIFA/GettyImages
Туркиянинг «Манисаспор» футбол клуби Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳимоячиси Бобурбек Йўлдошевга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда, Туркиянинг Haber3 интернет-нашриг асосланиб, 12uz.com хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, «Манисаспор» клуби яқин вақт ичида Бобурбек Йўлдошевнинг клуби – Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси билан футболчининг транфери юзасидан музокараларга киришади.
Бобурбек Йўлдошевдан ташқари, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг бошқа бир қатор футболчиларига ҳам қизиқиш билдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Жумладан, терма жамоа ярим ҳимоячиларидан бири, «Олмалиқ» футболчиси Диёрбек Туропов Championat.Asia интернет-нашрига берган интервьюсида ўзига Москванинг ЦСКА клубидан жиддий қизиқиш бўлганини тан олган.
Эслатиб ўтамиз, июнь-июль ойларида Туркияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги 2013 йилги жаҳон чемпионати баҳсларида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўз тарихида илк бор гуруҳдан кейинги босқичга чиқиб, ўз ёш тоифасида жаҳоннинг энг кучли саккиз термаси қаторига кирган эди.
Қайд этиш жоиз, агар Бобурбек Йўлдошев Туркия клуби билан шартнома имзолайдиган бўлса, у ҳолда у Туркия футболидаги биринчи ўзбекистонлик бўлмайди. Аввалроқ, июль ойи бошида Самарқанднинг «Динамо» клуби ҳимоячиси Александр Клецков Туркиянинг «Ордуспор» клуби билан шартнома имзолагани хабар қилинган эди.