Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Хаби Алонсо Чемпионлар лигаси умумий босқичи 6-турида «Манчестер Сити»га қарши ўйиндаги (1:2) ҳакамликдан қониқмаганини айтди.
«Кўряпмизки, айрим вазиятлар… Биринчи голда улар бироз Куртуани ушлаб қолишди. Яъни, менинг фикримча, бошқача талқин қилиш мумкин бўлган эпизодлар бор. Ҳакам эса бунга ўз нуқтаи назаридан баҳо берди ва бу ҳал қилувчи бўлди. Билмадим, ҳали вазиятнинг такрорини кўришга улгурмадим», — деб Алонсонинг сўзларини AS келтиради.
Ушбу ўйиндан сўнг «Реал» 12 очко билан Чемпионлар лигаси жадвалида еттинчи ўринда бормоқда. Кейинги турда жамоа «Монако»га қарши майдонга тушади. Учрашув 20 январь куни Мадридда бўлиб ўтади.













