Кириш Регистрация
10/01 01:00 Хетафе 1-2 Реал Сосьедад
10/01 16:30 БАА 0-3 Япония
10/01 16:30 Ливан 2-4 Жанубий Корея
10/01 18:00 Реал Овьедо 1-1 Бетис
10/01 19:00 Эрон 0-0 Ўзбекистон
10/01 19:00 Удинезе 2-2 Пиза
10/01 19:00 Комо 1-1 Болонья
10/01 20:15 Вильярреал 3-1 Алавес
10/01 21:30 Сурия 1-0 Қатар
10/01 22:00 Рома 2-0 Сассуоло
10/01 22:30 Жирона 1-0 Осасуна
11/01 00:45 Аталанта 2-0 Торино
11/01 01:00 Валенсия 1-1 Эльче
11/01 16:30 Хитой - Австралия
11/01 16:30 Лечче 1-2 Парма
11/01 18:00 Райо Вальекано 2-1 Мальорка
11/01 19:00 Таиланд - Ироқ
11/01 19:00 Фиорентина 1-1 Милан
11/01 20:15 Леванте - Эспаньол
11/01 22:00 Верона - Лацио
12/01 00:45 Интер - Наполи
12/01 21:30 Саудия Арабистони - Вьетнам
12/01 21:30 Иордания - Қирғизистон
12/01 22:30 Женоа - Кальяри

Босим остидаги “Реал”, “Барса”нинг қасоси ва тарихий тўқнашув — “Эл-Класико”

Баҳо:
+ | -

Саудия Арабистонида ўтказилаётган тўрт жамоали Испания Суперкубоги мусобақасининг финали кетма-кет тўртинчи йил “эл-класико”га тўғри келмоқда.

Ҳар икки жамоа ярим финалдаги ғалабадан сўнг финал йўлланмасини қўлга киритди: “Барселона” “Атлетик”ни 5:0 ҳисобида тор-мор этди, “Реал Мадрид” эса муросасиз кечган дербида “Атлетико”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Шу тариқа, жамоалар 2026 йилда илк бор ва жорий мавсумда иккинчи марта ўзаро тўқнаш келмоқда. Аввалроқ, октябрь ойида Ла Лигада “Сантяго Бернабеу” стадионида бўлиб ўтган учрашувда “Реал Мадрид” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ўша баҳсда Жуд Беллингем ва Килиан Мбаппе гол урган, “Барселона” сафида эса Фермин Лопес ўз номини таблога ёздириб қўйган эди.

Каталония жамоаси амалдаги чемпион мақомида майдонга чиқади, 2025 йилги финалда айнан “кўк-анорранглилар” ғалабани қўлга киритган эди.

Дунё футболидаги энг буюк қарама-қаршиликлардан бири бугун, 11 январдан 12 январга ўтар кечаси, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги “Қирол Абдулла” стадионида бўлиб ўтади. Шу вақтга қадар икки жамоа 262 бор ўзаро тўқнаш келган бўлиб, 106 та баҳсда “Реал”, 104 та учрашувда “Барселона” зафар қучган, 52 та ўйинда дуранг натижа қайд этилган. Мадридликлар 445, каталонияликлар эса 433 марта рақиб дарвозасига гол киритган.

Ла Лиганинг амалдаги чемпиони “Барселона” Испания футболидаги энг барқарор ва кучли жамоалардан бири сифатида финалга етиб келди. “Реал Мадрид” эса мавсум давомида жиддий босим остида қолмоқда. Айниқса, клубнинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо учун ушбу финал катта аҳамият касб этади.

Амалдаги чемпион “Барселона” Ла Лига турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда ва “Реал Мадрид”ни тўрт очко ортда қолдирган. Ханси Флик бошчилигида каталонияликлар барча мусобақаларни ҳисобга олганда кетма-кет тўққизта учрашувда ғалаба қозонди.

“Реал Мадрид” бош мураббийи Хаби Алонсо эса жамоани қабул қилиб олганидан кўп ўтмай жиддий босим остида қолган эди. Бироқ сўнгги вақтларда қайд этилган муҳим ғалабалар унинг позициясини маълум даражада мустаҳкамлади.

Нима учун “Реал Мадрид” ва Хаби Алонсо босим остида?

Сўнгги ҳафталарда Хаби Алонсо “Реал Мадрид”даги вазиятни нисбатан барқарорлаштиришга муваффақ бўлди. Аммо Испания Суперкубоги финали мураббий учун ҳал қилувчи синов сифатида баҳоланмоқда.

Бир муддат муваффақиятсиз натижалар туфайли истеъфога яқин бўлган Алонсо қўл остида жамоа сўнгги бешта учрашувда ғалаба қозонди. Ушбу сериядаги сўнгги ғалаба Суперкубок ярим финалида “Атлетико Мадрид”га қарши баҳсда қайд этилди.

Агар “Реал” Суперкубокнинг амалдаги соҳиби — “Барселона”ни мағлуб этса, бу Алонсо учун Мадрид клубидаги илк соврин бўлади. “Эл-Класико”даги иккинчи ғалаба мураббийга вақт ва хотиржамлик бериши мумкин.

Бироқ Ҳанси Флик бошчилигидаги “Барселона”дан учраладиган мағлубият клуб президенти Флорентино Перес учун 2025 йил июнь ойида тайинланган, аммо тўлиқ ишонч уйғота олмаётган мураббий билан хайрлашиш учун навбатдаги сабабга айланиши эҳтимолдан холи эмас.

Испания оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, 2025 йилнинг 10 декабрь куни “Реал” Чемпионлар Лигасида “Манчестер Сити”га мағлуб бўлган куниёқ, Алонсо истеъфога чиқарилиши мумкин эди. Ўша мағлубиятга қарамай, кейинги ўйинлардаги ижобий натижалар мураббийга яна бир имконият тақдим этди.

2025 йилги Суперкубок финали

2025 йилги Испания Суперкубоги финалида “Барселона” “Реал Мадрид”ни 5:2 ҳисобида мағлуб этган эди. Учрашув айнан Жидда шаҳрида ўтказилган.

Бу натижа ўша пайтдаги “Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти учун жиддий зарба бўлди. Шу билан бирга, Ҳанси Флик учун “Барселона”даги фаолиятининг бошланишида муҳим бурилиш нуқтасига айланди.

Суперкубок “Барселона” ва “Реал” учун қанчалик муҳим?

Ўтган мавсумда Суперкубокдаги ғалаба Ҳанси Флик бошчилигидаги “Барселона” учун катта аҳамият касб этди. Каталонияликлар кейинчалик Ла Лига ва Испания кубогида ҳам зафар қучди.

Эътиборлиси, ундан олдинги уч мавсумда ҳам Суперкубокни ютган жамоа мамлакат чемпионига айланган.

Хаби Алонсо турнир аҳамияти ҳақида шундай фикр билдирди:

“Биз ҳозир айнан шу турнир учун ўйнаяпмиз, шунинг учун у ҳозир энг муҳим соврин. Аммо бутун мавсумни ҳисобга олсак, устуворлик бўйича тўртинчи ўринда туради”.

Килиан Мбаппе билан боғлиқ сўнгги ҳолат

Хаби Алонсо Мбаппенинг “Барселона”га қарши ўйинни асосий таркибда бошлаш имконияти бошқаларникидан кам эмаслигини таъкидлади. Килиан финал олдидан Жиддага учиб борди.

“Реал Мадрид” таркибига Килиан Мбаппенинг қайтиши финал олдидан жамоа учун муҳим янгилик бўлди. Франциялик ҳужумчи тиззасидаги жароҳат сабаб “Атлетико”га қарши ярим финал учрашуви ҳамда Ла Лигада “Бетис” устидан қозонилган 5:1 ҳисобидаги ғалабали ўйинни ўтказиб юборганди.

Жорий мавсум барча мусобақаларда 24 та учрашувда 29 та гол урган Мбаппе “Реал Мадрид”нинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. У Мадрид клубига келганидан бери “Барселона”га қарши беш учрашувда олти бор гол муаллифига айланган.

Шу билан бирга, мутахассислар Мбаппе, Винисиус Жуниор ва Жуд Беллингем бир вақтда майдонга тушганида жамоа ўйини ҳар доим ҳам оптимал кўринмаётгани қайд этилмоқда.

Винисиус ва Родригонинг ҳолати

Сўнгги ҳафталарда Хаби Алонсо учун муҳим фигурага айланган футболчи бразилиялик вингер Родриго бўлди. У 32 ўйиндан иборат голсиз сериядан сўнг сўнгги бешта баҳсда учта гол ва учта голли узатма муаллифига айланди.

Бошқа қанотда эса Винисиус Жуниор энг ёмон мавсумларидан бирини ўтказмоқда. У 2024 йилги “Олтин тўп” маросимида иккинчи ўринни эгаллаганидан бери ўзининг энг юқори даражасини намойиш эта олмаяпти.

Винисиус “Реал Мадрид” сафида сўнгги 16 учрашувда гол ура олмади. Алонсо “Эл-Класико”да уни асосий таркибда тушириш ёки туширмаслик борасида қарор қабул қилиши керак бўлади.

Сўнгги “Эл-Класико”лар

Ўтган мавсумда “Барселона” “Реал Мадрид”ни тўртта учрашувда ҳам мағлуб этган эди. Жорий мавсумнинг октябрь ойида эса “Реал” Ла Лига доирасида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

“Биз албатта ғалаба қозонишимиз керак. Ўтган йили уларга қарши икки финални ҳам ютқаздик. Улар ҳам ғалаба қозонишни истайди. Ла Лигадаги мағлубият учун эса реванш олишга уринади”, — деди “Реал” дарвозабони Тибо Куртуа.

“Барселона” Мбаппенинг қайтишига тайёр

“Барселона” бош мураббийи Ҳанси Флик Мбаппени ҳозирги пайтда дунёнинг энг кучли ҳужумчиси деб атади. Бироқ у жамоаси франциялик футболчининг иштирокига қарамай муваффақият қозонишига ишонч билдирди.

“Мбаппе жуда кўп гол урмоқда, у — жаҳон даражасидаги футболчи. Аммо ўтган мавсумда биз унинг жамоасини тўрт марта мағлуб этганмиз. Биз ўз ўйинимизга эътибор қаратамиз. Гап ‘Реал Мадрид’ ва биз қандай ўйнашни хоҳлаётганимизда”, — деди Флик.

Испания Суперкубоги ҳақида

Мусобақада умумий ҳисобда тўртта жамоа — Ла Лига чемпиони, Испания кубоги ғолиби ҳамда финалчиси иштирок этади. Турнир илк бор 1982 йилда ўтказилган. 2020 йилдан бошлаб тўрт жамоа иштирок этадиган формат жорий этилган.

“Барселона” — Ла Лиганинг амалдаги чемпиони, “Реал Мадрид” эса мавсумни иккинчи ўринда якунлаган. Икки жамоа ўтган мавсум Испания кубоги финалида ҳам ўзаро тўқнаш келгани боис, ярим финалчилар — “Атлетико Мадрид” ва “Атлетик Бильбао” ҳам жорий йилги Суперкубокда иштирок этди.

Финал қаерда ўтказилади?

Испания Суперкубоги кетма-кет иккинчи йил Саудия Арабистонида ўтказилмоқда. Барча учрашувлар Жидда шаҳридаги “Қирол Абдулла” стадионида бўлиб ўтмоқда. Ушбу арена 2034-йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қиладиган стадионлар қаторига киради.

2024 йилда финал Ар-Риёд шаҳридаги “Ал-Аввал Парк” стадионида ўтказилган ва унда “Реал Мадрид” “Барселона”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этган.

Жамоалар таркибидаги сўнгги янгиликлар

“Барселона”: Марк-Андре тер Штеген, Гави ва Андреас Кристенсен жароҳат сабаб сафда йўқ. Ламин Ямал ярим финални захирада бошлаган бўлса-да, финалда асосий таркибга қайтиши кутилмоқда. Роналд Араухо тўлиқ машғулотларга қайтди, бироқ захира қолиши эҳтимоли кўпроқ.

“Реал Мадрид”: Мбаппенинг ўйинда иштирок этиши асосий муҳокама мавзуси бўлиб турибди. Трент Александр-Арнольд, Эдер Милитао ва Браҳим Диас таркибда эмас. Родриго, Антонио Рюдигер ва Рауль Асенсио ярим финалдаги жароҳатлардан сўнг тикланиш машғулотларини ўтказмоқда.

Тахминий таркиблар

“Барселона”: Жоан Гарсия, Жюль Кунде, Пау Кубарси, Эрик Гарсия, Алехандро Балде, Педри, Фрэнки де Йонг, Ламин Ямаль, Рафинья, Фермин Лопес, Ферран Торрес

“Реал Мадрид”: Тибо Куртуа, Феде Вальверде, Рауль Асенсио, Дин Хавсен, Альваро Каррерас, Эдуардо Камавинга, Орельен Чуамени, Жуд Беллингем, Родриго, Килиан Мбаппе, Винисиус Жуниор

Хулоса

“Эл-Класико” доимо томошабинларни ҳаяжонга соладиган учрашувдир. Тўғри, жамоалар яхши ҳолатда бўлган вақтда бу баҳс янада қизиқарли ва муҳим бўлади. Шу билан бирга, жамоаларнинг таркибдаги йўқотишлари ва ҳолати ҳам ўйинга ўз таъсирини кўрсатади. Бу сафарги учрашувдан кескинлик, баҳсли вазиятлар, кўплаб карточкалар ва голларни кутиш мумкин. Чунки ушбу баҳс — “Реал” учун бурилиш нуқтаси, “Барселона” учун эса аввалги мағлубиятга қасос олиш имконияти ҳисобланади.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 13:58, 11.01.2026.
Ўқилди: 1270 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.