"Реал" ярим ҳимоячиси ва Марокаш терма жамоаси футболчиси Браим Диас Африка миллатлар кубоги финалида Сенегалга қарши ўйинда (0:0, қўшимча вақтда 0:1) пенальтидан хато қилганидан сўнг ижтимоий тармоқларда мурожаат қолдирди.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган 14-дақиқада Браим 11 метрли зарбани марказга паненка усулида йўллади, бироқ дарвозабон Эдуар Менди тўпни ушлаб қолди. Пенальтидан олдин уни белгилаш юзасидан узоқ тортишувлар бўлиб ўтган, ҳатто Сенегал терма жамоаси майдонни тарк этган эди.
"Юрагим оғрияпти. Сиз берган меҳр, ҳар бир хабарингиз ва қўллаб-қувватлашингиз туфайли бу соврин ҳақида орзу қилгандим — буларнинг барчаси мени ёлғиз эмаслигимни ҳис қилдирди. Мен бутун юрагим билан курашдим.
Кеча мен омадсизликка учрадим ва барча жавобгарликни ўз зиммамга оламан, самимий узр сўрайман.
Ўзимга келишим осон бўлмайди, чунки бу яра осонликча битмайди. Лекин ҳаракат қиламан. Ўзим учун эмас, балки менга ишонганлар ва мен билан бирга азоб чекканлар учун.
Бир куни олға интилиб, сиз берган меҳрнинг барчасини қайтаришга ва Марокаш халқимнинг фахрига айланишга ҳаракат қиламан", — деб ёзди Браим.













