"Ливерпуль" бош мураббийи Арне Слот Англия Премьер-лигаси жамоаларининг ўйин услубидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталди.
Шанба куни мерсисайдликлар Англия Кубоги доирасида "Брайтон" устидан ғалаба қозонишди (3:0). Ўйиндан кейинги суҳбатда нидерландиялик мутахассис маҳаллий футболдаги тактик трендлар ҳақидаги журналистлар саволига жавоб берди.
"Замонавий Премьер-лига — бу энди дарвоза олдидан қисқа узатмалар билан ўйин бошлаш ҳақида эмас. Энди асосий урғу узун узатмалар ва стандарт вазиятларга қаратилмоқда", — деди Слот ўз интервьюсида.
Жорий мавсум давомида "қизиллар" устози ёпиқ ва оддий услубда ўйнайдиган рақибларга қарши жамоаси қийналаётганини бир неча бор таъкидлаб ўтган эди.













