"Пари Сен-Жермен" клубининг португалиялик ярим ҳимоячиси Жоау Невеш Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи доирасидаги "Монако"га қарши биринчи ўтиш ўйини олдидан ўз кутилмалари билан ўртоқлашди.
"Биз ҳеч қандай босимни ҳис қилмаяпмиз ва ўз услубимизда ўйнашга ҳаракат қиламиз. "Монако" билан тўқнаш келишимизнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор, чунки бу жамоани Лига 1 орқали жуда яхши биламиз. Тўпга имкон қадар кўпроқ эгалик қилишга ва уни йўқотган заҳотимиз тезроқ қайтариб олишга интиламиз. Бу ажойиб ўйин бўлади.
Жисмоний ҳолатимни 100 фоиз деб ҳис қиляпман ва эртанги кунга тайёрман. Майдонга тушаманми ёки йўқ — бу мураббийга боғлиқ. Ҳозир турнирларнинг ҳал қилувчи палласи яқинлашаётган вақт ва эртага қандай ўйнашимизга кўп нарса боғлиқ", — дея Невешнинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.













