Франция терма жамоасининг собиқ футболчиси Лилиан Тюрам "Бенфика" бош мураббийи Жозе Моуриньони мадриднинг "Реал Мадрид" қанот ҳужумчиси Винисиус Жуниор атрофидаги ирқчилик можароси фонида кескин танқид қилди.
"Унинг баёнотларидаги оҳанг нима учун олдинга силжимаётганимизни кўрсатади. Моуриньо — ажойиб мураббий, буюк фаолият эгаси. У кўплаб қора танли футболчилар билан ишлаган, лекин бу унга, биринчидан, ирқчилик ҳолатининг ҳаққонийлигига шубҳа қилишга, иккинчидан эса жабрланувчини голни қандай нишонлагани учун айблашга тўсқинлик қилмаяпти. У қандай қилиб бундай гапни айтиши мумкин? Сиз кимсиз, жаноб Моуриньо, Винисиус нима қилишга ҳақли ёки ҳақли эмаслигини ҳал қилиш учун? Бу фикрлар оқ танли устунлик ва нарциссизм ифодасидир.
Винисиус дуч келган ирқчилик унинг хулқи билан эмас, балки тери ранги билан боғлиқ эди. Мактабда ёки футболда ирқчиликка учраган болалар ўз хулқи туфайлими жабрланувчи бўлади? Йўқ. Моуриньо бу Винисиуснинг айби бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, гўё у ўзи айбдор. Айрим оқ танлилардаги устунлик ҳисси уларга ўзини жабрланувчи ўрнига қўйишга халал беради. Қандай қилиб биз ўйинчилар айтган гапларни инкор қила оламиз? Нима, Винисиус ақлдан оздими, ҳақоратни ўйлаб топдими ва ҳакам олдига югурдими? Килиан Мбаппе ҳам буни эшитди, у ҳам ақлдан оздими? Қора танлилар ақлдан озганми? Улар параноикми ва ҳикоя ўйлаб топишадими?
Моуриньо бизни Винисиус ирқчиликда ўзи айбдор деб ишонтиришга урингани ачинарли кўринади. Бундай таҳлил уни майдакаш, арзимас инсон даражасига туширади. Шундай муносабат давом этар экан, биз курашда бирлашолмаймиз. Бу ҳам ирқчилик тарихининг бир қисми. Моуриньо ирқчиликни инсон сифатида эмас, балки оқ танли инсон сифатида баҳоламоқда", — деди Тюрам L’Equipe'га.













