Профессионал бокс бўйича собиқ Жаҳон чемпионлари, филиппинлик Менни Пакьяо ва америкалик Флойд Мейвейзер 2026 йилнинг 19 сентябрь куни ўзаро жанг ўтказади. Бу ҳақда жанг трансляциясини амалга оширувчи Netflix компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, икки боксчи ўртасидаги реванш жанги ҳам АҚШнинг Лас Вегас шаҳрида бўлиб ўтади. 47 ёшли Пакьяонинг ҳисобида 62 ғалаба (39 таси нокаут), 8 мағлубият ва 3 дуранг бор. У бокс тарихида саккиз вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган ягона чарм қўлқоп устаси ҳисобланади. Пакьяо узоқ йиллик фаолияти давомида вазн тоифасидан қатъи назар энг яхши боксчи даражасига кўтарилган ва доимий равишда тарихдаги энг яхши боксчилар рейтингларига киритилган.
Мейвейзер эса 48 ёшда, унинг ҳисобида профессионал боксда 50 та ғалаба (27 таси нокаут билан) бор ва умуман мағлубиятга учрамаган. У бешта вазн тоифасида Жаҳон чемпиони ва 1996 йилги Олимпиада ўйинларининг бронза медали совриндори бўлган. Мейвейзер промоутерлик компанияси эгаси бўлиб, унинг мижозлари орасида боксчилар ва аралаш яккакураш жангчилари бор. У 2017 йилдан бери профессионал жанг ўтказмаган эди.
Маълумот учун, Пакьяо ва Мейвейзер 2015 йил 2 май куни ўзаро жанг ўтказган. Ўшанда ҳакамлар қарори билан америкалик боксчи ғалаба қозонган эди. Ушбу натижа туфайли у ярим ўрта вазн тоифасида Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC), Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) ва Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) талқинлари бўйича Жаҳон чемпионлик камарларини бирлаштирган эди.
Шунингдек, Флойд Мейвейзер ҳамда Менни Пакьяо ўртасидаги тўқнашув тарихдаги энг қиммат ва энг кўп даромад келтирган бокс жанги ҳисобланади. “Аср жанги” дея ном олган ушбу баҳс жами 600 миллион доллардан ортиқ даромад келтирган. Бу кўрсаткич ўз ичига рекорд даражадаги – 72 миллион долларлик чипталар сотуви ва 4,6 миллионта пуллик трансляция (pay-per-view) кўрсаткичларини олади. Маълумотларга кўра, ушбу баҳсда Мейвейзер 200–250 миллион доллардан ортиқ, Пакьяо эса 100 миллион доллардан ортиқ гонорарга эга бўлган.













