Мадриднинг «Атлетико» клуби собиқ ҳужумчиси Диего Коста «Реал» ҳимоячилари Серхио Рамос ва Пепега қарши кечган афсонавий тўқнашувларни ёдга олди. Испаниялик ҳужумчи 2007–2014 ва 2018–2021 йиллар давомида «матрасчилар» шарафини ҳимоя қилган.
«Улар ҳам худди мен каби эркак кишилар. Рамос ва Пепе ўз жамоасини ҳимоя қилишган, мен эса ўзимникини. Улар ҳақиқий жангчилар эди. Шу билан бирга, Пике ва Пуйоль менга қарши "подкат" ишлатишса, узр сўрашарди.
«Барселона» билан ўйинлар жуда қийин кечарди, чунки биз фақат ҳимояланишимизга тўғри келарди. «Реал» билан баҳсларда эса мен кўпроқ кураша олардим. Рамос ва Пепе менга қарши ўйнаш энг ёққан икки ҳимоячи эди. Улар жуда кучли эдилар ва сени борингни бериб ўйнашга мажбур қилишарди», — дея Костанинг сўзларини келтирмоқда «Mundo Deportivo» Марио Суареснинг подкастига таяниб.














