Лига мусобақалари доирасида футболчилар, расмий шахслар ҳамда бошқа иштирокчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар, шунингдек, мусобақаларни ўтказиш тартибига зид бўлган хатти-ҳаракатлар шу кунга қадар Ассоциация ҳузуридаги Тартиб-интизом қўмитаси томонидан кўриб чиқилган.
2025 йилнинг 20 октябрь куни профессионал футбол клублари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур масала кўтарилган бўлиб, тегишли қўмитанинг йиғилиш муддатлари орасидаги фарқ ва шундан келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа эҳтимолий масалалар кун тартибига киритилган. Учрашув якунида Лига қошида Тартиб-интизом қўмитасини ташкил этиш таклифи бир овоздан маъқулланган бўлиб, 30 январь куни Лига мазкур йўналишда қандай ишлар амалга оширилаётгани юзасидан клубларга маълумот берганди.
Ўтган вақт ичида ЎФА Интизом кодексидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ Тартиб-интизом кодекси ишлаб чиқилди. Унинг Лига мусобақаларига тегишли қисми таҳрирланган бўлса-да, Лига Кодексни такомиллаштиришда ЎФА Интизом кодексида белгилаб қўйилган қоидалар мажмуидан чекинмасликка ҳамда уларга зид бўлган ўзгартиришлар киритмасликка эътибор қаратди. Боиси, ЎзПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси эндиликда Лига байроғи остидаги мусобақаларни тартибга солишда биринчи инстанция бўлса, клуб унинг қароридан норози бўлган тақдирда, мавжуд ишни кўриб чиқиш учун апелляция тартибида ЎФА Тартиб-интизом қўмитасига ошириш ҳуқуқини сақлаб қолади. Шунингдек, Ассоциация Низомида белгилангани бўйича ЎФА Апелляция қўмитаси ҳам футбол клублари мурожаат қилиши мумкин бўлган инстанция эканлиги инобатга олинади.
Кодексни ишлаб чиқишда Лига ўзига қарашли бўлган мусобақалар доирасидаги эҳтимолий ҳолатларга эътибор қаратди. Шунингдек, жарималар миқдори оптималлаштирилди, дисквалификациялар масаласи конкретлаштирилди. Эндиликда Қўмита ҳар қандай интизомий масалани оператив кўриб чиқиш имкониятига эга бўлади. Бу, ўз навбатида, мусобақалар интенсивлигига мос келади. Бунда битта асосий жиҳатга эътибор қаратиш лозим: Кодексда назарда тутилган ҳолатларни кўриб чиқишда субъектни Мусобақадан четлатиш, очколардан маҳрум қилиш, учрашув натижасини бекор қилиш, олти ва ундан ортиқ ўйин ёки икки ойдан узоқ муддатга четлатиш, учрашувни томошабинларсиз ўтказиш, шунингдек, бошқа турдаги оғир интизомий чораларни қўллаш зарурати вужудга келса, иш ҳар қандай ҳолатда ҳам ЎФА Тартиб-интизом қўмитасига оширилади. Бунгача бўлган масалалар эса Лига қошидаги қўмита томонидан тартибга солинади.
Қўмита таркиби клублар билан келишув асосида беш турли йўналиш мутахассисларини қамраб олади: собиқ футболчи, мураббий, бевосита ҳакамлик соҳасида фаолият юритган шахс, Лиганинг Спорт йўналиши бўйича мутахассиси, медиа соҳаси вакили.













