"Олимпиакос" ҳужумчиси Меҳди Тареми Яқин Шарқдаги можаролар фонида Эронга қайтишни режалаштирмаяпти.
Италиянинг Tuttosport нашри сешанба куни Тареми шанба куни Исроил ва Америка авиазарбаларига учраган ўз ватанига ёрдам бериш учун Эронга қайтиш ниятида экани ҳақида хабар тарқатган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, Меҳди Тареми Эронда демократия ўрнатиш учун курашишга тайёр бўлган.
Ҳужумчининг агенти Федерико Пасторелло ўз ижтимоий тармоқларида ушбу тахминни рад этди.
"Сўнгги соатларда Меҳди Таремига нисбат берилаётган, аммо мавжуд вазиятни акс эттирмайдиган баёнотлар тарқалмоқда. Футболчи бор эътиборини Афинадаги фаолиятига ва профессионал карьерасига қаратган бўлиб, ўз ишига содиқлик ва қатъият кўрсатмоқда. Ушбу мураккаб даврда контекстдан юлиб олинган талқинлардан ёки ноаниқ талқинлардан қочиш муҳимдир. Биз барчанинг масъулият ҳиссига ва ўзаро ҳурматга ишонамиз", – деб ёзди Пасторелло ижтимоий тармоқда.













