Италиялик мутахассис Роберто Де Дзерби «Тоттенхэм» таклифини рад этиб, келаси мавсумда «Манчестер Юнайтед»ни бошқаришга тайёр. Бу ҳақда TEAMTalk нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, 46 ёшли мураббий клуб раҳбариятига жамоани ўз қўлига олиш нияти борлигини маълум қилган. Бу қарор айни дамда бош мураббий вазифасини вақтинча бажариб келаётган Майкл Кэррикнинг ҳолатини мураккаблаштириши мумкин.
Де Дзерби «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенхэм» вариантлари ўртасида танлов ўтказди. Бироқ «шпорлар»нинг турнир жадвалидаги ноаниқ ҳолати ва клубнинг келаси мавсумдаги истиқболи италиялик мутахассиснинг танловига таъсир кўрсатди ва у «қизил иблислар» вариантини маъқул кўрди. Айни дамда Кэррикнинг истеъфоси муҳокама қилинмаяпти, лекин клуб директорлар кенгаши уни ҳеч қачон доимий мураббий сифатида кўрмаган ва фақат вақтинчалик чора сифатида ҳисоблаган.
Ҳозирги вақтда Де Дзерби эркин агент мақомида бўлиб турибди, чунки у шу йилнинг февраль ойида «Марсель» клубини тарк этган эди. Шу билан бирга, Керрик қўл остида «Манчестер Юнайтед» ўтказилган саккизта ўйиннинг олтитасида ғалаба қозонди, бир марта дуранг ўйнади ва бир бор мағлубиятга учради.













