"Бавария" вингери Майкл Олисе фаолиятини Францияда давом эттириши мумкин. Парижнинг "ПСЖ" клуби 24 ёшли футболчи учун асосий даъвогарга айланди.
El Nacional нашрининг хабарига кўра, "ПСЖ" клуби Майкл Олисени ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирда Париж клуби 24 ёшли футболчи учун курашда пешқадамлик қилмоқда. Шу ёзда парижликлар Олисе трансфери учун 120 миллион евродан кўпроқ маблағ таклиф қилишлари мумкин. "ПСЖ"нинг бундай қарорига клубнинг Усмон Дембеле билан хайрлашишга тайёрлиги сабаб бўлмоқда.
Майкл Олисе 2024 йилда "Кристал Пэлас"дан "Бавария"га 53 миллион евро эвазига ўтган эди. Унинг мюнхенликлар билан шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда франциялик футболчи "Бавария" сафида барча турнирларда 38 та ўйин ўтказиб, 15 та гол урди ва 27 та голли узатмани амалга оширди.













