Кириш Регистрация

Чехия футболидаги коррупция можароси: келишилган ўйинларда гумон қилинган клублар ва шахслар рўйхати эълон қилинди

Баҳо:
+ | -

Чехия полицияси футбол оламидаги йирик коррупцион тизимга чек қўйиш мақсадида ўнлаб шахсларни қўлга олди. Бу ҳақда мамлакатнинг Isport ахборот портали хабар бермоқда.

Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу шахсларнинг букмекерлик контораларида пул тикиш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида ўйинлар натижасига таъсир ўтказгани (келишилган ўйинлар) бўйича тергов олиб бормоқда. Маълум қилинишича, тергов жараёнлари нафақат миллий биринчи лига, балки ёшлар ўртасидаги мусобақаларни ҳам қамраб олган.

Тезкор ҳаракатлар асосан республиканинг шарқий қисми — Моравия ҳудудида амалга оширилди. Гумонланувчилар орасида футбол функционерлари, ҳакамлар ва профессионал футболчилар борлиги аниқланган.

Мазкур текширувлар Чехия футбол ассоциацияси ташаббуси билан бошланган бўлиб, унда Эвропол ва Интерпол мутахассислари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ассоциация раиси Давид Трунда бўлиб ўтаётган воқеаларни “Чехия футболи тарихидаги энг йирик коррупцияга қарши операция” деб атади.

Энг шов-шувли ҳолатлардан бири олий лига вакили “Карвина” клуби атрофида содир бўлмоқда. Жамоа футболчиси Самуэл Шигут “Динамо Ческе Будеёвице”га қарши ўйинни келишилган ҳолда ўтказиш учун клуб раиси Ян Волфдан 100 минг крон миқдорида пора олганликда гумонланмоқда. Шунингдек, мазкур ўйин натижасига таъсир ўтказиш учун ҳакамлар Ян Вшетечка ва Мирослав Зелинкага ҳам пора таклиф қилингани айтилмоқда. “Карвина”дан ташқари, иккинчи лига вакили “Опава” клуби ва унинг раҳбари, ўтмишда “Славия” сафида чемпионликка эришган Мартин Латка ҳам порахўрликда айбланмоқда.

Тергов остидаги рўйхатда профессионал ҳакамлар Симон Вейтаса, Лубош Дрозди ва Томаш Свобода каби номлар бор. Улар ўйинлар натижасини букмекерлик конторалари манфаати учун ўзгартириш ёки маълум жамоалар ғалабасини таъминлашга уринишда гумон қилинмоқда. Шунингдек, “Злинчко”, “Зноймо”, “Хрудим” ва “Старт Брно” каби клубларнинг ўндан ортиқ футболчилари пора эвазига ўйин натижасини ўзгартиришда айбланиб, уларнинг футбол фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 07:26, 25.03.2026.
Ўқилди: 147 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик