Лондоннинг "Челси" клуби "Манчестер Сити" ярим ҳимоячиси Матео Ковачични қайтадан ўз сафига қўшиб олиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда инсайдер Влад Поливода хабар берди.
Манбага кўра, лондонликлар жамоа таркибидаги айрим футболчиларнинг кетиши ва жароҳатлар сабаб марказий ярим ҳимояда муаммолар юзага келишидан хавотирда. Шу боис клуб раҳбарияти ушбу позицияни кучайтириш учун турли вариантларни кўриб чиқмоқда.
Асосий номзодлардан бири сифатида илгари "Челси" шарафини ҳимоя қилган 32 ёшли хорватиялик ярим ҳимоячи Матео Ковачич кўрилмоқда. Футболчининг Лондон клубидаги тажрибаси унинг қайтишига сабаб бўлиши мумкин.
Ковачич жорий мавсумда "Манчестер Сити" сафида барча мусобақалар доирасида 6 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt портали хорватиялик футболчининг трансфер қийматини 10 миллион еврога баҳоламоқда.













