Россиянинг Камчатка ярим оролида бўлиб ўтган Берингия-2026 итлар қўшилган чана пойгасида Алексей Попов ғолибликни қўлга киритиб, 3,5 миллион рубль (қарийб 43 минг АҚШ доллари) миқдоридаги мукофотга эга бўлди. Бу ҳақда мусобақа матбуот хизмати хабар берди.
“Берингия” пойгалари 1990-йилдан буён ҳар йили Камчатка ўлкасида ўтказиб келинади. 2025 йилда иштирокчилар 1 322 километр масофани босиб ўтган бўлса, 2026 йилги масофа 1 425 километрни ташкил этди.
“Берингия" анъанавий итлар қўшилган чана пойгасининг ғолиби ва уч карра чемпиони Алексей Попов бўлди. Мукофот – 3,5 миллион рубль”, дейилади хабарда.
Иккинчи ўринни Георгий Шевчук эгаллаб, 2,5 миллион рубль (30 минг доллар) мукофотни қўлга киритди. Валентин Левковский эса учинчи поғонадан жой олди ва унга 1,5 миллион рубль (18,5 минг доллар) насиб этди. Пойга ғолиби белгиланган масофани жами 80 соат-у 49 дақиқа ичида босиб ўтишга муваффақ бўлди.













