«Челси»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Виллиан 2020 йилда нима сабабдан «Арсенал»га ўтишга қарор қилгани ҳақида сўзлаб берди.
«Мен уч йиллик шартнома олмоқчи эдим, «Челси» эса менга фақат икки йиллик келишув таклиф қилди, шу сабабли якунда шартномани узайтирмадим. Ушбу музокаралар давомида «Арсенал» менга қизиқиш билдира бошлади. Кўпчилик, жумладан, оила аъзоларим ҳам «Челси»дан ҳеч қачон кетмаслигим керак бўлганини айтишади», — дея Виллианнинг сўзларидан иқтибос келтиради ChelseaChronicle.
Виллиан «Челси» шарафини 2013 йилдан 2020 йилгача ҳимоя қилган. «Кўклар» таркибида бразилиялик футболчи икки марта Англия чемпиони бўлган, шунингдек, Англия Кубоги, Лига Кубоги ва Европа Лигасида ғолиб чиққан.













