Мексика ва Португалия терма жамоалари устозлари 28 март куни янгиланган «Ацтека» стадионида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви якунлари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар. Учрашув 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
«Бу бўлиши мумкин бўлган энг яхши сценарий. Аввал айтганимдек, бу ерда ўйнаш учун жасорат керак, чунки мухлислар талабчан, улар ғалабаларни ва чиройли футбол кўришни истайдилар», — дея Мексика терма жамоаси мураббийи Хавьер Агирренинг сўзларини келтиради The Straits Times.
«Футболчилар учрашув якунига қадар кучли рақиб бўлган Португалияга қарши бор кучларини беришди. Улар кучли ўнликка кирадиган, ҳақиқатан ҳам қудратли терма жамоа ҳисобланади», — дея қўшимча қилди Агирре.
«Менимча, биз рақиб дарвозасига 10 марта зарба бердик, бу биз кўзлаган мақсадга яқин кўрсаткич. Ёмон томони шундаки, аниқ зарбалар сони кам бўлди, бизга аниқлик етишмади», — деди Португалия терма жамоаси мураббийи Роберто Мартинес.
«Муваффақият ёки муваффақиятсизлик фақат ҳисобга боғлиқ эмас. Ҳозирги кунда кўплаб турли омиллар муҳим рол ўйнайди. Ўйлайманки, ушбу 90 дақиқадан сўнг жамоа Жаҳон чемпионатига яхшироқ тайёр бўлди».
Мексика 31 март куни ўртоқлик учрашувида Бельгия билан тўқнаш келади, Португалия эса шу куни Жаҳон чемпионатининг яна бир мезбони — АҚШ жамоаси билан куч синашади.













