Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилаётган II Ўсмирлар Осиё ўйинлари тобора якунига етиб бормоқда. Бугун бу ерда спортнинг олти тури бўйича мусобақалар ўтказилиб, сузиш, енгил атлетика, таэквондо ҳамда баскетбол (стритбол) бўйича ўтказиладиган мусобақаларда навбатдаги медаллар жамланмаси ўйналади.
Жумладан, баскетбол бўйича қизлар ўртасида бугун бронза ҳамда олтин медал эгалари аниқланади. Эътиборлиси, бронза медали учун кечадиган баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари майдонга тушадилар. Учинчи ўрин учун кечадиган ўйинда улар Таиланд терма жамоасига қарши баҳс юритадилар. Олтин медал учун кечадиган учрашувда эса Хитой ҳамда Хитой Тайпейи терма жамоалари ўзаро куч синашадилар.
Маълумот учун: Баскетбол бўйича қизлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда дастлаб тўққиз терма жамоа икки гуруҳга бўлинган холда бахсларга киришди. Ўзбекистон терма жамоаси Хитой, Индонезия ва Фаластин терма жамоалари билан “В” гуруҳидан ўрин эгаллади.
Гуруҳ бахсларида Индонезия термасини 16:4 ҳисобида, фаластинлик баскетболчиларни эса 21:2 ҳисобида енгган ҳамюртларимиз, Хитой терма жамоасига қарши кечган ўйинда 5:19 ҳисобида имкониятни бой бердилар ва гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, ярим финалга йўлланма олишди. Ярим финалда терма жамоамиз “А” гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган Хитой Тайпейи терма жамоасига қарши майдонга чиқдилар. Ушбу ўйин Хитой Тайпейи вакилларининг 20:6 ҳисобида ғалабаси билан якунига етди. Иккинчи ярим финалда Хитой терма жамоаси таиландлик баскетболчилардан 15:13 ҳисобида устун келдилар.