«Челси» вингери Эстевао Виллиан Англия Кубоги чорак финали доирасидаги «Порт Вейл»га қарши баҳсда рақибни аяб ўтирмади — у ўз ҳисобига гол ва голли узатмани ёздириб қўйди.
Бразилиялик футболчи февраль ойидан бери илк бор асосий таркибда майдонга тушди ва рақибнинг тор-мор этилишида (7:0) фаол иштирок этди.
«Эстевао учун чегара йўқ. Биз уни жуда соғинган эдик. У майдонга тушади ва шунчаки ўз ўйинини кўрсатади, доимо тўп билан муомала қилишни истайди. Майдоннинг қайси қисмида бўлмасин, у ҳамиша рақиблар учун хавф туғдира олади», — дея «кўклар» бош мураббийи Лиам Росеньорнинг сўзларини келтиради The Touchline.
18 ёшли футболчи жароҳати сабаб бир ойга яқин вақтни ўтказиб юборган эди. Унинг сафга қайтиши «Эвертон» билан баҳсда юз берганди — ўшанда у захирадан майдонга тушган эди.













