«Барселона»га қарши кечган ва 1:4 ҳисобида якунланган ўйинда «Эспаньол»нинг ягона голини киритган Поль Лосано рақиб футболчилари ҳақидаги фикрларидан сўнг можаролар марказида қолди. Бу ҳақда Barca Universal нашри хабар бермоқда.
«Уларнинг ўз ҳамкасбларига нисбатан қандай «ҳурмат»да эканликларини шу ерда, ҳамманинг кўз ўнггида кўришингиз мумкин. Бошқа қўшимча қиладиган гапим йўқ», — деди футболчи ўйиндан кейинги интервьюсида.
Ушбу сўзлар «Барселона» мухлислари томонидан Лосано шаънига ҳақоратлар тўлқинини келтириб чиқарди. Натижада у энг оммабоп ижтимоий тармоқлардан биридаги ўз аккаунтини ёпишга мажбур бўлди.
Лосано «Эспаньол» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У фаолияти давомида икки бор — «Жирона» ва «Гранада» клубларида ижарада тўп сурган. Жорий мавсумда 26 ёшли ярим ҳимоячи 28 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди.













