«Атлетико» президенти Энрике Сересо «Барселона»нинг «Метрополитано» стадиони майдони ҳолати бўйича билдирган эътирозларига муносабат билдирди.
Бугун жамоалар Мадридда Чемпионлар Лигаси 1/4 финали доирасидаги жавоб ўйинини ўтказишади. Эслатиб ўтамиз, «Камп Ноу»да кечган биринчи баҳсда «Атлетико» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Кечаги машғулот вақтида «Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик УЕФА вакилларига майдондаги майсанинг баландлиги ва газоннинг ҳаддан ташқари қуруқлигидан шикоят қилган.
«Улар турли сабаблар билан шикоят қилишди, лекин УЕФА ҳаммаси жойида эканлигини айтди. Кимгадир калта соч турмаги ёқади, кимгадир узун — мен учун булар шунчаки бўш гаплар. Менимча, бу аниқ ва равшан масала, УЕФА ҳам буни тасдиқлади.
Кейинги босқичга чиқишимизга ишончим комил. Биз кўп йиллардан бери бўлгани каби Симеонега тўлиқ ишонамиз. Ҳар бир ўйин бир-биридан фарқ қилади ва майдонда ҳар қандай воқеа юз бериши мумкин», — деди Сересо.
Мадриддаги «Метрополитано» стадионида бўлиб ўтадиган ушбу ҳал қилувчи баҳс Тошкент вақти билан тунги соат 00:00 да бошланади.













