«Атлетико» ўз майдонида «Барселона»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди, бироқ шунга қарамай, Чемпионлар лигаси ярим финалига йўл олди. Икки ўйин натижасига кўра Диего Симеоне жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу натижа билан «Атлетико»нинг Чемпионлар лигаси плей-офф босқичи доирасидаги уй учрашувларида давом этиб келаётган узоқ йиллик мағлубиятсиз сериясига чек қўйилди. Бу серия қарийб 30 йил — олис 1997 йилдан бери давом этиб келаётган эди. Ушбу давр мобайнида «матрасчилар» ўз уйларида 14 та ғалаба ва 7 та дуранг қайд этишган.
Муҳим жиҳати шундаки, пенальтилар серияси бу статистикада ҳисобга олинмайди. Масалан, ўтган мавсумда «Атлетико» ўз уйида «Реал»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этган, аммо кейинчалик пенальтилар сериясида ютқазган эди. Ўша ўйин ғалаба сифатида қайд этилган, гарчи жамоа мусобақадан чиқиб кетган бўлса-да. Статистика — мана шундай ўзига хос нарса.













