Туркиянинг «Фенербахче» клуби бразилиялик дарвозабон Эдерсон Мораеснинг хизматларидан воз кечиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Туркиянинг «Sabah» нашри хабар бермоқда.
2025 йилнинг сентябрь ойида «Манчестер Сити»дан сотиб олинган 32 ёшли посбон сўнгги пайтларда кескин танқидларга учрамоқда. Хусусан, унинг «Ризеспор»га қарши кечган баҳсдаги (2:2) ишончсиз ҳаракатлари клуб раҳбариятининг у билан хайрлашиш истагини янада кучайтирган.
Бироқ, футболчининг трансфери борасида молиявий тўсиқлар мавжуд. Маълумотларга кўра, Эдерсоннинг йиллик иш ҳақи 11 миллион еврони ташкил этади. Европанинг етакчи клубларидан бири дарвозабонни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган, аммо футболчи маошининг 3 миллион еврогача туширилишига рози бўлмагани сабабли музокаралар тўхтаб қолган.
Маълумот учун, Эдерсон жорий мавсумда «Фенербахче» сафида 34 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 33 та тўп олиб чиқди. У 13 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилга қадар мўлжалланган бўлиб, уни яна бир йилга узайтириш имконияти ҳам мавжуд.













