«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Рэшфордга бўлган қизиқишлар ортиб бормоқда. Айни дамда ижара асосида «Барселона» шарафини ҳимоя қилаётган вингер тез орада яна жамоасини ўзгартириши мумкин.
Mundo Deportivo нашрининг хабар беришича, каталонияликлар футболчининг трансферини тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланиш ниятида эмаслар. Вазиятни «Астон Вилла» клуби ва шахсан жамоа бош мураббийи Унаи Эмери яқиндан кузатиб бормоқда. Мутахассис футболчини ўз жамоаси сафида кўришни истамоқда.
Эслатиб ўтамиз, 28 ёшли Рэшфорд учун «Астон Вилла» бегона эмас — у 2024/25 йилги мавсумнинг иккинчи ярмини айнан Бирмингем клубида ижара асосида ўтказган эди. Ҳужумчининг «манкунианликлар» билан амалдаги шартномаси 2028 йилгача имзоланган бўлиб, Transfermarkt портали унинг баҳосини 40 миллион евро этиб белгилаган.













