Ижара асосида "Лион" шарафини ҳимоя қилаётган "Реал" ҳужумчиси Эндрик танқидларга эътибор беришни тўхтатганидан сўнг, ўйинида ўсиш кузатилганини таъкидлади.
"Мен энди бошқаларнинг нима дейишига эътибор бермай қўйдим. Агар буни ҳаётингиздан чиқариб ташласангиз, ҳамма нарса осонлашади. Мен бир қадам орқага қайтдим ва фақат футбол ўйнашга ҳамда жамоам учун қўлимдан келган барча ишни қилишга эътибор қаратдим. Майдондан ташқарида содир бўлаётган воқеаларга чалғимасангиз, яхшироқ ўйнай бошлайсиз. Футболчилар учун энг муҳими ҳам шу — жамоа учун қаттиқ меҳнат қилиш ва танқидлар туфайли қайғурмаслик.
Бошида ижтимоий тармоқлар ва танқидларни жуда ёмон қабул қилардим. Майдонни тарк этишим билан одамлар мен ҳақимда нима дейишаётганини билиш учун "Твиттер" ва бошқа тармоқларга кирардим. Ўз "эго"мни қондирмоқчи бўлардим. Лекин бу яхши эмас. Худога шукур, у даврлар тугади. Ўйин тугагач, мен хотиржамликни сақлайман ва бор эътиборимни тикланишга қаратаман. Танқидлар мени энди ташвишга солмайди", — деди Эндрик.













