Кириш Регистрация
06/05 23:59 Бавария 1-1 ПСЖ
08/05 23:45 Торино - Сассуоло
09/05 00:00 Леванте - Осасуна

Grand Chess Tour. Синдаров Гукешга мағлуб бўлди: ўзбекистонлик шахматчи Польшадаги нуфузли турнирда муваффақиятсиз иштирок этмоқда

Баҳо:
+ | -

Дунёнинг энг кучли гроссмейстерларини бирлаштирувчи нуфузли Grand Chess Tour мусобақасининг 11-мавсуми бошланди. Мавсум анъанага кўра Польша пойтахти Варшава шаҳри мезбонлик қиладиган рапид ва блиц турнири билан старт олди.

Ушбу нуфузли мусобақада амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ҳамда чемпионлик учун расмий даъвогар, ўзбекистонлик Жавоҳир Синдаров ҳам иштирок этяпти. Турнир форматига кўра икки шахматчи ўзаро 3 марта (1 та рапид ва 2 та блиц) ўйин ўтказади.

Мусобақанинг илк куни шахматчилар рапид йўналишида учта турда ўз имкониятларини синаб кўрди. Жавоҳир Синдаров 1-турда қора доналарда америкалик Ҳанс Ниэманн, 2-турда оқ доналарда полшалик Ян Кшиштоф Дуда билан дуранг ўйнади. Учинчи турда эса қора доналарда ўйнаганига қарамай, яна бир мезбон шахматчи Радослав Войташекни мағлубиятга  учратди.

Иккинчи кун доирасида ўтказилган 3 та турнинг барчасида Синдаров имкониятни бой берди. 4-турда америкалик Уэсли Со уни мағлуб этган бўлса, 5-турда амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу Жавоҳир устидан ғалабага эришди. Куннинг сўнгги беллашувида ўзбекистонлик шхматчи Франция вакили Максим Ваше-Лагравдан енгилди.

Турнир регламентига кўра, ҳар бир ғалаба учун — 2, дурангга эса 1 очко берилади. Олтинчи турдан сўнг америкалик Ҳанс Ниман 9 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра пешқадамлик қилмоқда. Шунингдек, Уэсли Со ҳисобида ҳам 9 очко мавжуд. Мусобақанинг амалдаги чемпиони словениялик Владимир Федосеев 8 очко билан кучли учликдан жой олган. Гукеш Доммаражу 6 очко билан бешинчи, 4 очкога эга Синдаров эса 9-поғонадан жой олган.



3 майдан 10 майга қадар бўлиб ўтадиган ушбу мусобақа жами 200 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот жамғармасига эга. Турнир доирасида шахмат мухлислари 7 кун давомида 135 та шиддатли ўйин гувоҳи бўлишади:

Рапид: 9 та турдан иборат баҳслар
Блиц: 18 та турдан иборат икки даврали марафон

Мусобақада Grand Chess Tour’нинг 5 нафар доимий иштирокчиси ҳамда 5 нафар махсус таклиф этилган (wildcard) гроссмейстерлар дона суради. Синдаров ушбу турнирга айнан wildcard орқали таклиф этилган.

2026 йилги мавсум регламенти: янги қоидалар ва гранд финал

Жорий йилги GCT мавсуми нафақат кучли таркиби, балки қатъий тартиб-қоидалари билан ҳам ажралиб туради. Мавсум давомида жами 9 нафар асосий иштирокчи танлаб олинган. Ҳар бир ўйинчи иккита классик турнирда ҳамда мавжуд учта рапид ва блиц турнирларидан иккитасида қатнашиши шарт. Мунтазам мавсум якунига кўра энг кўп очко тўплаган кучли тўртлик декабрь ойида ўтказиладиган гранд финалга йўлланма олади. Финалнинг мукофот жамғармаси эса 450 000 АҚШ долларини ташкил этади.

Ғолиблик учун курашни қизиқарли ўтказиш мақсадида очколар қуйидагича тақсимланади:

1-ўрин: 12 очко (агар тай-брейксиз, соф ғалаба қайд этилса – 13 очко).
2-ўрин: 10 очко.
10-ўрин: 1 очко.

Ўйин давомидаги тартиб-қоидалар:
Дуранг таклиф қилиш тақиқланади: Курашувчанликни ошириш мақсадида ўйинчиларга ўзаро дуранг таклиф қилиш ёки келишиш қатъиян ман этилади. Дуранг фақат ҳакам назорати остида 3 марта такрорланиш ёки 50 та юриш қоидаси асосида қайд этилиши мумкин.

Кечикиш учун жазо: Классик ўйинда 10 дақиқа, рапид ва блицда эса 3 дақиқадан кўп кечиккан иштирокчига техник мағлубият ёзилади.

Доналарга эътиборсизлик: Агар ўйинчи дона сураётганда бошқа бирини ағдариб юборса ва уларни ўз вақтида жойига қўймаса, ҳакам томонидан огоҳлантирилади. Учинчи марта бундай ҳолат такрорланса, ўйинчи мағлуб деб топилади.

Мукофот жамғармаси:
Ҳар бир рапид/блиц турнири учун: 200 000 АҚШ доллари (1-ўрин учун 50 000 доллар)
Ҳар бир классик турнир учун: 350 000 АҚШ доллари (1-ўрин учун 100 000 доллар)
Гранд финал учун: 450 000 АҚШ доллари (Ғолиб учун 200 000 доллар)

Манба: daryo.uz
Киритилди: 10:18, 07.05.2026.
Ўқилди: 409 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик