Италия А Сериясининг 36-тури доирасида «Интер» сафарда «Лацио»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ўйиндан сўнг миланликлар бош мураббийи Кристиан Киву жамоасининг кўрсатган ўйинидан мамнунлигини изҳор қилди.
Мутахассис учрашувдан сўнг жамоавий руҳни алоҳида эътироф этиб, нафақат Лаутаро Мартинес, балки бутун таркибнинг ҳиссасини таъкидлаб ўтди.
«Лаутаро бор вужуди ва профессионализми билан ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу, аввало, унга эргашаётган ва муҳим ишларни биргаликда бажараётган жамоадошларининг меҳнатидир. Бу фантастик жамоа ва у ҳозир ўзгача даврни бошдан кечирмоқда», — деди Киву.
Шунингдек, мураббийдан Жозе Моуриньонинг ҳозирги «Интер» ва 2010 йилги афсонавий таркибни қиёслагани ҳақида сўрашди.
«Буни Моуриньонинг ўзидан сўраш керак. Мен ўша таркибнинг бир қисми бўлганимдан фахрланаман. Икки авлодни ўзаро солиштиришнинг имкони йўқ, чунки орадан 16 йил ўтди ва футбол анча ўзгарди. Лекин ҳозирги жамоа ҳам худди ўша йиллардагидек мухлисларга қувонч улашмоқда, энг муҳими шу», — дея қўшимча қилди мураббий.
Маълумот учун, «Интер» 85 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда ва аллақачон чемпионликни нақд қилган. 51 очкога эга «Лацио» эса 8-ўринда бормоқда.













