Афсонавий португалиялик собиқ футболчи Луиш Фигу бўлажак жаҳон чемпионатининг асосий фаворитларини санаб ўтди. Мундиал бошланишига бор-йўғи бир ой вақт қолди. 2000 йилги «Олтин тўп» соҳиби кубок учун бешта асосий даъвогарни алоҳида кўрсатиб ўтди.
«Ғалаба учун кўпчилик курашиши мумкин. Футболчиларнинг даражаси жуда муҳим, аммо озгина омадсиз ҳам бўлмайди. Асосий фаворитлар қаторига мен Бразилия, Аргентина, Португалия, Испания ва Францияни киритган бўлардим. Уларда финал босқичларида ўйнаш бўйича етарлича тажриба бор. Бу терма жамоалар шунчалик кучлики, турнирга бемалол иккита таркибни тақдим эта олишади», — деди Фигу ўз интервьюсида.
Жаҳон чемпионатининг амалдаги ғолиби — Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. Навбатдаги мусобақанинг финал учрашуви 19 июль куни бўлиб ўтади.













