Мадриднинг «Реал» клуби ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Daily Star нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, уругвайлик футболчининг трансферига «Манчестер Юнайтед» жиддий қизиқиш билдирмоқда. «Қизил иблислар» Мадрид клуби ичидаги нотинч вазият — Вальверде ва унинг жамоадоши Орельен Тчуамени ўртасида келиб чиққан жанжал фонида ушбу трансферни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрмоқчи.
Ҳозирча «қаймоқранглилар» раҳбарияти ярим ҳимоячининг келажаги борасида якуний қарорга келгани йўқ.
Маълумот учун, Федерико Вальверде 2016 йилда «Пеньяроль» клубидан 5 миллион евро эвазига «Реал»га ўтган эди. Унинг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Жорий мавсумда уругвайлик футболчи «Реал» сафида барча турнирларда 48 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 9 та гол ва 13 та голли узатмани ёздириб қўйди.













